Бугун 29 октябрь, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

БАА президенти Flydubai авиакомпанияси экипажини давлат мукофоти билан тақдирлади

БАА президенти Flydubai авиакомпанияси экипажини давлат мукофоти билан тақдирлади

Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) президенти шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён самолётни олиб қочишга уриниш билан боғлиқ ҳодиса вақтида кўрсатган жасорати учун flydubai авиакомпанияси рейси экипажини биринчи даражали Зоид II ордени билан тақдирлади.

Бу ҳақда Дубай ҳукумати матбуот хизмати ижтимоий тармоғида маълум қилди.

«БАА президенти сентябрь ойида самолёт бортида содир бўлган ҳодисада иштирок этган Flydubai экипажи аъзоларини йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги жасоратли ҳаракатлари эътирофи сифатида биринчи даражали Зоид II ордени билан мукофотлади», — дейилади хабарда.

Мукофотни Дубай валиаҳд шаҳзодаси Ҳамдан бин Муҳаммад Ол Мактум топширди. У экипаж аъзоларининг ҳаракатларини ва уларнинг масъулият ҳиссини юқори баҳолади.

30 сентябрь куни Дубайдан Тель-Авивга йўл олган Flydubai рейси хавфсизлик билан боғлиқ ҳодиса сабабли Саудия Арабистонининг Табук шаҳри аэропортига шошилинч қўнган эди.

1 октябрь куни Саудия Арабистони Ички ишлар вазирлиги ҳодисага иккинчи учувчининг самолёт командирига ҳужум қилиши сабаб бўлганини тасдиқлади. Ҳодиса оқибатида ҳар икки учувчи турли даражада тан жароҳатлари олган.

Вазирлик маълум қилишича, соғлиқлари яхшиланганидан сўнг ҳар икки учувчи амирликлар хавфсизлик кучлари ҳамроҳлигида Абу-Дабига учиб кетган. Экипажнинг қолган олти нафар аъзоси эса Дубайга омон-эсон қайтиб келган.

БАА расмийлари ҳозирда ҳодисанинг сабаблари ва тафсилотларини, жумладан, самолётдан фойдаланиш билан боғлиқ жиҳатлар ҳамда хавфсизлик чораларини текширишни давом эттирмоқда.

Киритилди: 18:50 28.10.2026. Ўқилди: 398 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!