Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Булоқбоши тумани бўлими ҳамда ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда қонунга хилоф равишда дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган А.А. (муқаддам судланган) “Damas” русумли автомашинасида инсон руҳиятига кучли таъсир қилувчи 124 дона капсуладаги “Регапен” номли дори воситасини Андижон шаҳрида ўтказиш мақсадида олиб келганлиги аниқланиб, ушбу дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.
Департаментнинг Янгиҳаёт тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Яккасарой тумани, “Қушбеги” мавзесидаги “N.A.” МЧЖ дорихона фармацевти У.Т. 50 дона “Омнадрен 250” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини 3 млн сўмга шифокор рецептисиз сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, Департаментнинг Сурхондарё вилояти бошқармаси ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро М.А. таркибида кучли таъсир қилувчи моддалари мавжуд 200 капсула “Бензонал” номли дори воситасини 1,2 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.