Муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ашуро куни дейилади. Бу куннинг ўзига хос фазилати бор. Бу ҳақда кўплаб ривоят ва ҳадислар келган.
Ҳожиб ибн Умар Ҳакам ибн Аърождан ривоят қилади: “Мен Ибн Аббос розийаллоҳу анҳунинг олдига борсам у Замзам олдида ридоси устида ёнбошлаб ётган экан. Мен: “Ашуро рўзаси ҳақида хабар бер”, дедим. Шунда у: “Агар Муҳаррам ойи ҳилолини кўрсанг, ҳисобини қилиб, тўққизинчи куни рўза тут”, деди. Мен: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай рўза тутармидилар?” деб сўрагандим, у: “Ҳа”, деб жавоб берди” (Муслим, Абу Довуд, Термизий, Аҳмад, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ва Табароний ривояти).
Ашуро кунининг фазилати у кунда тутиладиган рўза билан чамбарчас боғлиқ. Яҳудийлар Ашуро кунини улуғлаб, бу кунда рўза тутардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан хабар топганларидан кейин ўзлари рўза тутдилар ва умматларини ҳам рўза тутишга буюрдилар. Ҳатто Ашуро куни рўзаси ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлишини хабар қилдилар.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутганларида ўша куни рўза тутишга (бошқаларни ҳам) буюрдилар. Шунда: “Эй Расулуллоҳ, бу кунни яҳудий ва насронийлар улуғлашади”, дейилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Келаси йил, иншааллоҳ, тўққизинчи куни ҳам рўза тутамиз”, дедилар. Келаси йил келмасдан аввал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этдилар” (Муслим, Абу Довуд ва Табароний ривояти).
Ҳасан Ибн Аббосдан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ашуро куни рўзасини ўнинчи куни тутишга буюрганлар” (Термизий ривоят қилган ва: “Ибн Аббоснинг ривояти ҳасан-саҳиҳ”, деган).
Бу аввалда бўлган иш. Яъни, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам яҳудий ва насронийлар Ашуро кунини байрам қилишларидан хабар топгунларигача Муҳаррам ойининг ўнинчи куни рўза тутиб келганлар ва бошқаларни ҳам бу ишга тарғиб қилганлар.
Имом Тобароний ва Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади», деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки хил рўзани интиқ бўлиб кутардилар. Булар Ашуро куни рўзаси ва Рамазон ойи рўзаси. Рамазон ойи рўзаси фарз. Уни тутган банда чексиз ажр-савобга эришади. Бу ой фазилати ва унда тутиладиган рўза ҳақида қанча гапирса, шунча оз. Аммо мазкур ривоятда Ашуро кунининг рўзаси ҳам қанчалик фазилатли экани айтилмоқда. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирон амални қилишга беҳикмат интиқ бўлмаганлар. У зот қачон Муҳаррам ойи келар экан, ўша кунда рўза тутаман, деб интизорлик билан кутдиларми, демак, бу кунда рўза тутиш, бошқа солиҳ амалларни қилиш мақсадга мувофиқ. Биз ҳам Пайғамбаримизга эргашиб, Рамазон ва Ашуро рўзаларини интиқиб кутишимиз ва уларни рисодаладгидек адо этишга ҳаракат қилишимиз керак.
Ҳишом ибн Урва отасидан, отаси Оиша розийаллоҳу анҳодан ривоят қилади: “Жоҳилият даврида Қурайш Ашуро куни рўзасини тутардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ушбу кун рўзасини тутардилар. У зот Мадинага борганларида ҳам бу кун рўзасини тутдилар ва бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар. Рамазон ойи рўзаси фарз бўлганида Ашуро куни рўза тутишни тарк қилдилар. Бас, ким хоҳласа тутар. Хоҳламаганлар тутмас эди” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Доримий, Молик ва Аҳмад ривояти).
Ушбу ривоятда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлганларидан то ҳижрий иккинчи йилгача Ашуро куни рўзасини тутганлар ва бошқаларга ҳам ушбу кун рўзасини тутишни буюрганлар. Ҳижрий иккинчи йилда Рамазон ойи рўзаси фарз бўлганидан кейин у зот Ашуро куни рўзаси ихтиёрий экани, хоҳлаганлар тутиши ва хоҳламаганлар тутмаслиги мумкинлигини маълум қилдилар.
Лекин эътибор бериб қарасак, бошқа бирон нафл рўзага Ашуро куни рўзасичалик тарғиб қилмаганлар. Шундан маълум бўладики, бу куни рўзасини тутиш суннати муаккада саналади.
Абу Қатодадан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ашуро куни рўзаси ўтган йилги гуноҳларга каффорат бўлишидан умид қиламан!” деганлар (Муслим, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).
Бу ҳадисдан Ашуро куни тутиладиган рўзанинг қанчалик фазилатли экани маълум бўлади. Бошқа ой ёки кунларда тутиладиган рўза туфайли банданинг гуноҳлари кечирилиши айтилса-да, бироқ қанча гуноҳи мағфират қилиниши аниқ баён қилинмаган. Ушбу ривоятда эса Ашуро куни рўза тутган банданинг аввалги йилда қилган гуноҳлари кечирилиши маълум қилинмоқда.
Қайси банда ният ва ихлос билан Ашуро куни рўзасини тутса, ваъда қилинган ажр-мукофот ва гуноҳлари кечирилишига эришади. Бу имкониятни қўлдан бой бермаслик, фурсатни ғанимат билиб, солиҳ амалларда пешқадам бўлиш ҳар бир мўмин инсоннинг бурчидир.