"Al Arabiya" телеканалининг Мазеж подкастига берган интервюсида, Сурия президенти Башар Асаднинг собиқ матбуот котиби Камел Сакр қуйидагиларни маълум қилди: Россия Ҳалаб шаҳри қулаши ортидан Эрон ҳарбий ёрдамини Сурия армиясига етказиб бериш учун Хмеймим базасидан фойдаланиш тўғрисидаги ағдарилган Сурия президенти Башар Асаднинг илтимосларига жавоб бермаган. Бундан ташқари, Асад қочишидан олдинги бир неча кун давомида президент Владимир Путин билан алоқа ўрната олмаган.
Сакрнинг сўзларига кўра, Суриянинг собиқ президенти россиялик ҳамкасби билан бир неча бор боғланишга уринганида ўзини “яккаланган ва ёлғиз” ҳис қилган. Унинг уринишлари чоршанба, 4-декабрдан 5-декабр, пайшанба кунигача давом этди. 8 декабр куни мухолифат Дамашқни эгаллади, Асад режими қулади ва у мамлакатдан Россияга қочиб, у ерда бошпана топди.
Путин билан боғланиш уринишлари муваффақияцизликка учрагач, Асад Россия президентининг Сурия бўйича махсус вакили Александр Лаврентевга қўнғироқ қилиб, ундан давлат раҳбари билан алоқа ўрнатишни сўраган, деб таъкидлайди Сакр. Лаврентев унга президент айни пайтда Беларусга ташриф буюрганини ва қўнғироқ қила олмаслигини айтган. Путин 6 декабр куни ишчи ташриф билан республикада бўлган.
Асаднинг собиқ вакили 5 декабр, пайшанба куни телевидениеда нутқ сўзламоқчи бўлганини маълум қилди. У "тахминан 400 та сўздан иборат" нутқни тайёрлаб, "жуда асабийлашган". Бироқ, собиқ президент дастлаб нутқини жумага, кейин эса шанбага кўчирган. Суриядан жўнаб кетишидан бир неча соат олдин эса уни бутунлай бекор қилишга қарор қилган.
Сакрнинг айтишича, 8 декабр куни ярим кечадан сўнг Асад президент саройида мамлакатни тарк этишига ёрдам берган россиялик ҳарбий атташени қабул қилган. Аввал уни Дамашқ аеропортига, сўнг Хмеймим аеропортига ва Латакиядаги Россия базасига, у ердан эса Россияга олиб кетишган.