Бугун 9 январь, 2025 йил, пайшанба

O'ZB

Менга қанча пенсия чиқар экан? ёки бўлажак пенсионерларга тавсиялар

Менга қанча пенсия чиқар экан? ёки бўлажак пенсионерларга тавсиялар

Пенсия ёшига етиб, кўп йиллик меҳнати самарасини кўриш, кексалик гаштини суриш барчанинг ҳаётдаги мақсади ҳисобланади. Бунда, албатта кекса ёшидаги даромад манбаи - пенсия муҳим ўрин тутади.

Шу сабабли барчамиз ёшлик пайтда ўзининг келгусидаги пенсияси ҳақида қайғуриши, бу даврга олдиндан тайёргарлик кўриши лозим.

Кимларга пенсия тайинланади?

Ёшга доир тўлиқ пенсия олиш учун эркакларга 60 ёшга тўлганда 25 йил иш стажи, аёлларга 55 ёшда 20 йил иш стажига эга бўлганда тайинланади. Ушбу талаб этилганга нисбатан камроқ (камида 7 йил) иш стажига эга бўлганларга тўлиқсиз пенсия тайинланади, яъни пенсия камроқ ҳисобланади.

Иш стажига нималар киради?

Пенсия тайинлашда иш стажига расмий ишлаб, иш ҳақи ҳисобланган даврлар, якка тартибдаги тадбиркор, ўзини-ўзи банд ёки хорижда ишлаган шахс сифатида Пенсия жамғармасига ижтимоий солиқ тўланган даврлар иш стажига ҳисобланади.

Маълумот учун: аёл киши расмий ишлаб, иш ҳақи ҳисобланган ва якка тартибдаги тадбиркор, ўзини-ўзи банд ёки хорижда ишлаган шахс сифатида ижтимоий солиқ тўланган даврлари жами 20 йил бўлганда 54 ёшдан ёшга доир пенсияга чиқиш имтиёзи мавжуд.

Бунда, юқоридаги даврлар учун камида 7 йил иш стажига эга бўлганда фуқаронинг харбий хизмат, олий ўқув юртидаги кундузги ўқиш ҳамда бола парвариши учун таътилда бўлган (ҳар бир бола учун 3 йил, жами 6 йилгача) даврдлар ҳам умумий иш стажига қўшилади.

Пенсияга тайёргарлик қандай амалга оширилади?

Пенсия фуқаронинг фуқаронинг расмий ишлаган даври ва солиқ тўланган иш ҳақи (даромади) инобатга олинади. Яъни, фуқаро расмий ишлаб, расмий даромад олган сари йилма-йил пенсияга ҳуқуқи шаклланиб боради.

Демак, ҳар бир фуқаро иш фаолияти ва даромадини расмийлаштириш орқали пенсияга тайёргарлик кўриб боради.

Барчамиз пенсия ёшига яқинлашиб қоламиз ва энди пенсия ҳақида ўйлашни бошлаймиз. “Энди менга қанча пенсия чиқар экан?”, “Юқори миқдорда пенсия олармикинман?” каби саволлар бизни қамраб олади. Яъни, энди биз пенсияга қандай чиқиш, қаерга мурожаат қилиш, пенсия қандай ҳисобланиши, бунда нималар ҳисобга олинишига қизиқишни бошлаймиз. Пенсия тайинлангандан сўнг эса кўпчилик фуқароларимизда “Нега менга кам миқдорда пенсия тайинланди?”, “Мени ҳисобим бўйича кўпроқ пенсия олишим керак эди?” каби саволлар туғилади.

Мана шундай саволлар фуқароларда бўлмаслиги, юқори миқдорда пенсияга чиқиш учун пенсия ёшига яқин қолган фуқароларимиз, шунингдек, ёшларимизга қуйидаги тавсияларни бермоқчимиз:

Биринчидан, меҳнат фаолиятингиз расмий шаклда кетаётганлигига, ишлаётган ташкилотингизда сизга иш стажи ёзиб борилаётганлигига ишонч ҳосил қилинг. Буни ўзингиз мустақил равишда my.gov.uz портали орқали текшириб олсангиз ҳам бўлади.

Иккинчидан, рақамлаштириш даврида яшаётганлигимизни ҳисобга олиб, ўз иш берувчингиздан иш стажларингиз тўғрисидаги маълумотларини рақамлаштиришни талаб қилинг.

Учинчидан, ташкилотингиз томонидан сизга расмий шаклда иш ҳақи тўланаётганлигига эътибор беринг. Бунда, сизга ҳисобланган иш ҳақи, ҳақиқатан қўлингизга оладиган иш ҳақингиз, ушлаб қолинаётган даромад солиқлари, жамғариб борилаётган пенсия учун ўтказилаётган маблағлар ва бошқаларни доимий равишда текшириб боринг.

Тўртинчидан, агарда сиз норасмий шаклда фаолият юритаётган бўлсангиз, ўз-ўзини банд қилган ҳолда рўйхатдан ўтиб, Пенсия жамғармасига белгиланган тартибда ижтимоиқ солиқ тўлаб боринг. Бу орқали сиз иш стажингизни кўпайтириб борасиз.

Бешинчидан, пенсия қонунчилигига оид янгиликлар, маълумотлар билан мунтазам равишда танишиб боринг, киритилаётган ўзгариш ва қўшимчалардан хабардор бўлинг.

Олтинчидан, ҳозирда меҳнат фаолияти юритмаётган бўлсангиз, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимларига меҳнат дафтарчангиздаги маълумотларини рақамлаштиришни сўраб мурожаат қилишингиз лозим. Бунда, рақамлаштирилган маълумотларингизни my.gov.uz порталида кўришингиз мумкин.

Меҳнат фаолиятингиз тўғрисидаги маълумотларни ҳозир рақамлаштириб қўйсангиз пенсияга чиқиш вақти келганда ортиқча овора бўлиб юрмайсиз.

Юқоридаги тавсиялар асосида меҳнат фаолиятингизни олиб борсангиз, пенсия ёшига етганда пенсия таъминоти кафолатланади.

Қўшимча маълумотлар, пенсияга оид ҳар қандай масала бўйича Пенсия жамғармасининг 1271 рақамли Call markazi орқали саволларингизга жавоб олишингиз мумкин.

Киритилди: 12:50 08.01.2025. Ўқилди: 4659 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!