Гренландия бош вазири Трамп билан музокараларга тайёрлигини билдирди.
10 январ куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Муте Эгеде АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп билан ҳозирча умуман мулоқот қилмаганини айтди. Трамп бир неча марта Қўшма Штатлар Гренландияни Даниядан сотиб олиши кераклиги ҳақида баёнот берди.
"Биз суҳбатлашишга тайёрмиз. Гренландия АҚШ билан ҳамкорликка очиқ, аммо орол тақдирини гренландияликлар ҳал қилиши керак. Биз даниялик бўлишни ҳам, америкалик бўлишни ҳам истамаймиз, биз гренландиялик бўлишни хоҳлаймиз. Трамп томонидан Гренландияга нисбатан ҳарбий куч ишлатилиши таҳдиди жиддий, аммо орол аҳолиси хавотирга тушмаслиги керак", — дея муносабат билдирди Гренландия бош вазири.
Мута Эгеде Гренландиянинг Даниядан мустақил бўлиши қўллаб-қувватлайди. Яқинда у "Гренландия — гренландияликларники" эканини ва орол "АҚШ ва Дания ўртасидаги сиёсий курашларда иштирок этишни хоҳламаслигини" айтган эди.