Индонезия ўтган йилнинг октябрь ойидан бошлаб iPhone 16 ни сотишни тақиқлаганди, гап шундаки, бу смартфонлар мобил қурилмалардаги контентнинг 40 фоизи мамлакатда ишлаб чиқарилиши керак бўлган тартибга риоя қилмаган.
Apple учун бу қарор оғриқли зарба бўлди, чунки Индонезия компаниянинг энг йирик бозорларидан бири ҳисобланади. Мамлакатда 277 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, уларнинг аксарияти 45 ёшгача бўлганлардир. Индонезияликларнинг ўртача ёши 30 ёш.
Бу Индонезияни дунёдаги энг йирик истеъмол бозорларидан бирига айлантиради, мамлакатда 354 миллион фаол мобил қурилмалар мавжуд.
Бундан ташқари, бошқа давлатлар ҳам Индонезиядан ўрнак олишлари ва ишлаб чиқариш етарли даражада маҳаллийлаштирилмагани сабабли компаниянинг янги смартфонини сотишни тўсатдан тақиқлашга қарор қилишлари мумкин.
❔ Компания бунга қандай жавоб берди?
Шу сабабли Apple Индонезия расмийларига пора беришга қарор қилди: компания AirTag гео-маёқларини маҳаллий ишлаб чиқаришга 1 миллиард доллар сармоя киритишни таклиф қилди. Бироқ, Индонезия саноат вазирлиги 8 январь куни бу смартфон контентини маҳаллийлаштириш талабларини қондириш учун етарли эмаслигини айтди.
"Саноат вазирлиги бугунги кунга қадар Apple маҳсулотлари, айниқса iPhone 16 учун маҳаллий контент сертификатини беришга асосга эга эмас", деди Индонезия саноат вазири Агус Гумиванг Картасасмита.
Apple дастлаб 10 миллион доллар сармоя киритишни таклиф қилди, кейин эса таклифни 100 миллион долларга оширди, бироқ ҳукумат бу суммалар компаниянинг Индонезиядаги савдоси билан солиштирганда жуда кичик эканлигини айтди. Apple компаниясининг ҳозирги 1 миллиард долларлик таклифи ҳам етарли эмас деб топилди.
Нега Жакарта бунга қарши?
Индонезия ҳукумати Apple 'дан кўпроқ сармоя сўраган. Apple'нинг мамлакатда тўртта дастурчилар академияси мавжуд бўлса-да, компаниянинг ишлаб чиқариш объэкти йўқ.
Картасасмита тушунтирганидек, Индонезиянинг савдо қоидалари маҳаллий саноатни ҳимоя қилишга ва хорижий компанияларни мамлакат ичида ишлаб чиқариш қувватларини яратишга жалб қилишга қаратилган.
Бироқ, баъзи танқидчилар қоидалар хорижий компанияларни, айниқса, маҳаллий маҳсулотлар ҳар доим ҳам мавжуд бўлмаган электроника каби соҳаларда камситилишини таъкидлайдилар.