АҚШ маъмурияти Украинадаги урушни якунлаш бўйича Абу-Дабида ўтказиладиган уч томонлама музокаралар арафасида ўз ёндашувини ўзгартирмоқда. The Washington Post нашри бу ўзгаришни Россия манфаатларига мос келадиган қадам сифатида баҳолади.
Нашрга кўра, Вашингтон музокаралар кун тартибига Европанинг келажакдаги хавфсизлик тизимига оид масалаларни ҳам киритишни режалаштирмоқда. Бундай ёндашув Москва илгари суриб келган талабларга яқин бўлиб, АҚШнинг Украинадаги урушни тезроқ тугатишга интилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Мақолада мазкур масаланинг кун тартибига киритилиши Россия фойдасига яна бир ўзгариш сифатида талқин қилинган.
Шунингдек, Вашингтон Киевни Москва учун мақбул шартлар асосида келишув тузишга ундаши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар кучайган.
Бунга АҚШ президенти Дональд Трампнинг уруш якунланганидан кейин Украина ҳудудий жиҳатдан «бироз бошқача кўринишга эга бўлиши» мумкинлиги ҳақидаги сўзлари ҳам сабаб бўлган.