Бугун 11 ноябрь, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Германияда обрўсизланиб бораётган Мерц Украина бўйича ЕИга ультиматум қўйди

Германияда обрўсизланиб бораётган Мерц Украина бўйича ЕИга ультиматум қўйди

Германия канцлери Фридрих Мерц Украинага молиявий ёрдам ажратиш кафолатлари Европа Иттифоқининг навбатдаги етти йиллик бюджетига киритилмаса, уни блоклаш билан таҳдид қилди.

Бу ҳақда Financial Times (FT) газетаси хабар бермоқда.

Қайд этилишича, Мерц Европа Кенгаши раиси Антониу Коштага йўллаган мактубида 2028–2034 йилларга мўлжалланган ЕИ бюджети бўйича келишувда Киевга 2027 йилда ва ундан кейинги йилларда молиявий ёрдам кўрсатиш кафолатлари акс этиши шартлигини таъкидлаган. Мутахассислар баҳолашича, Украина келаси йили 70 миллиард евро миқдорида молиявий тақчилликка дуч келиши мумкин.

«Украинанинг молиявий тақчиллигини қоплашга барчамизнинг истисносиз равишда адолатли ҳисса қўшиш бўйича умумий мажбуриятимиз ушбу масалани ҳал этиш ва айниқса, молиявий оқибатларга олиб келадиган бошқа масалаларни муҳокама қилиш учун зарур шарт ҳисобланади», — деб ёзган Мерц.

Ушбу ультиматум ЕИ етакчиларининг пайшанба ва жума кунлари Дублинда бўлиб ўтадиган учрашуви арафасида янгради. Унда Мерц Киевнинг молиявий тақчиллиги муаммосини ҳал қилишни талаб қилган.

Ўтган йил декабрь ойида ЕИ етакчилари Украинага 90 миллиард евро миқдорида кредит ажратишга келишиб олган эди. Бироқ Россиянинг қўшни давлатга қарши олиб бораётган ҳарбий ҳаракатлари кўлами шундайки, Киев келаси йили қўшимча 70 миллиард евро молиявий ёрдамга эҳтиёж борлигини билдирган.

Европа Иттифоқи ушбу маблағнинг учдан икки қисмини, яъни қарийб 45 миллиард еврони қоплашга ваъда берган. Европа комиссияси ушбу мажбуриятни бажариш йўлларини, жумладан, қўшимча қўшма қарз мажбуриятларини чиқариш имкониятини кўриб чиқмоқда. ЕИ етакчилари йил охирига қадар келишувга эришиши кутилмоқда.

Бироқ ЕИнинг тўртта давлати — Венгрия, Словакия, Болгария ва Чехия Киевга кейинги молиявий ёрдам кўрсатишда иштирок этиш ниятида эмаслигини билдирган. Венгрия, Словакия ва Чехия ўтган йили 90 миллиард евролик кредит бўйича фоиз тўловларида иштирок этишдан озод қилинган эди.

Мерц ўз мактубида, шунингдек, «2028 йилдан бошлаб Украина молиялаштирилишининг ишончли ва кўп йиллик истиқболини таъминлайдиган, барча аъзо давлатлар томонидан қўллаб-қувватланадиган ечимни топишимиз керак», деб таъкидлаган. Бу мажбурият Украина билан боғлиқ тўланмаган қарзлар бўйича фоизларни ҳам ўз ичига олади.

Киритилди: 09:05 10.11.2026. Ўқилди: 1320 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар