Бугун 21 сентябрь, 2026 йил, душанба

O'ZB

АҚШнинг Эрондаги мактабга берган зарбасини "ҳарбий жиноят дейиш учун етарли асослар" бор

АҚШнинг Эрондаги мактабга берган зарбасини "ҳарбий жиноят дейиш учун етарли асослар" бор

АҚШнинг Эрондаги мактабга берган зарбасини "ҳарбий жиноят дейиш учун етарли асослар" бор — БМТ миссияси.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти терговчилари Эронда камида 178 нафар тинч аҳолининг ўлимига сабаб бўлган АҚШ зарбалари юзасидан ҳисобот тайёрлади. "АҚШ тинч аҳолининг ўлимига олиб келувчи, нишонни фарқламайдиган ҳужум уюштириш орқали ҳарбий жиноят содир этганига ишониш учун етарли асослар бор", дейилади ҳисоботда.

АҚШ армиясининг биринчи ҳужуми 28 феврал куни Эрон жанубидаги Миноб шаҳрида жойлашган “Шажарайи Тоййиба” бошланғич мактабига қилинган. Бу зарба оқибатида 157 киши, жумладан, 13 ёшгача бўлган тахминан 123 нафар бола ҳалок бўлган. БМТ миссияси бу маълумотларни келтирар экан, уларни ишончли ва мустақил манбалардан олинган, деб таърифлаган.

Қўшма Штатларнинг иккинчи зарбаси ҳам ўша куни содир бўлган ва Эроннинг марказидаги Ламерд шаҳрида спорт маркази ҳамда унинг ёнидаги турар-жой биноларини нишонга олган. Терговчиларнинг айтишича, Эрон манбалари 22 нафар тинч аҳоли вакили, жумладан, беш нафар бола ҳалок бўлганини хабар қилган. Улар яна 170 га яқин одам яраланганини, улар орасида хавфли жароҳат олган болалар ҳам борлигини қайд этган.

New York Times'нинг ёзишича, ҳисобот душанба, 21 сентябрь куни Женевадаги Инсон ҳуқуқлари кенгашига тақдим этилиши кутилмоқда. Ҳужжатда, шунингдек, Эрон ҳукумати намойишчиларни бостириш чоғида содир этгани айтилган ва инсониятга қарши жиноятларга тенг деб баҳоланган қонунбузарликлар ҳам ёритилган.

Мактаб унинг яқинида жойлашган Эрондаги Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг ҳарбий-денгиз мажмуасига қилинган ҳужум вақтида зарбага учраган. Бироқ БМТ терговчилари бинонинг мактаб эканлигини яққол ажратиб олиш мумкинлигини айтди. Улар, шунингдек, бу жой “мўлжалланган зарба нуқтаси бўлгани”, яъни адашиб тушган зарба ёки қўшимча талафот эмаслиги ҳақида хулосага келган.

"Буни ҳеч ким атайлаб қилгани йўқ. Хатолар бўлиб туради. Уруш – шафқатсиз нарса", — деганди АҚШ президенти Доналд Трамп июнь ойида журналистларга.

Киритилди: 21:22 19.09.2026. Ўқилди: 1943 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!