Қўшма Штатлар Адлия вазирлиги Жо Байден даврида жорий этилган федерал қатлларга қўйилган мораторий бекор қилинганини маълум қилди.
Вазирлик энг оғир жиноятларни жиловлаш учун ушбу жазо туридан фаолроқ фойдаланишини билдирди. Янги чоралар доирасида Доналд Трампнинг биринчи президентлик даврида қўлланган ўлим инъекцияси протоколи қайтарилади, шунингдек, қатл қилишнинг қўшимча усули сифатида отиш ҳукми жорий этилади.
Адлия вазирлигининг таъкидлашича, қонуний ўлим ҳукмларини ижро этиш мажбуриятининг тикланиши маҳкумлар барча шикоят босқичларидан ўтиб бўлганидан сўнг қатл жараёнларини бошлаш имконини беради. Ишларни кўриб чиқишни тезлаштириш учун ички жараёнлар ҳам оптималлаштирилади.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил январида Трамп федерал даражада ўлим жазосини қайта тиклаш ҳақида фармон имзолаган ва барча штатларни керакли миқдордаги ўлим инъекциялари билан таъминлаш бўйича топшириқ берган эди.