Швейцариянинг Беллинцона шаҳридаги Федерал жиноят судида 27 апрель куни Ўзбекистоннинг собиқ президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримовага оид халқаро коррупция иши бўйича суд жараёни бошланади.
Finews.com нашрига кўра, иш қарийб 20 йиллик воқеаларни қамраб олади. Швейцария Бош прокуратураси Каримова ва унинг бизнес ҳамкори телекоммуникация компанияларидан Ўзбекистон бозорига кириш эвазига пора талаб қилган “Офис” деб аталган тармоқни ташкил этганликда гумон қилинмоқда, деб ҳисоблайди. Уларга коррупция, жиноий ташкилотда иштирок этиш ва пул ювиш айбловлари қўйилган.
Ишда Швейцариянинг Lombard Odier хусусий банкининг собиқ ходими ҳам тилга олинади. У 2008–2012 йилларда “Офис”га алоқадор шахслар учун банк ҳисобларини очиш ва юритиш орқали маблағлар келиб чиқишини яширишга ёрдам берганликда айбланмоқда.
Банкнинг ўзи фаол пул ювишда айбланмаяпти, аммо у ўз ходимининг эҳтимолий ҳаракатларини олдини олиш учун етарли ташкилий чоралар кўрган-кўрмагани судда баҳоланади.
Нашрнинг таъкидлашича, иш жуда узоқ давом этган. Швейцарияда тергов 2012 йилда бошланган, айрим ҳолатлар эса 2008 йилга бориб тақалади. 2026 йил бошида Швейцария суди Каримовани сўроқ қилиш учун Тошкентга борган. Бироқ сўроқ жараёни чекланган шароитда ўтгани, саволлар фақат Ўзбекистон Бош прокуратураси орқали берилгани сабабли, далилларнинг судда қандай баҳоланиши ҳозирча номаълум.
Гулнора Каримова Ўзбекистонда 2014 йилдан бери озодликдан маҳрум этилган. Шу боис унинг Беллинцонадаги судда шахсан иштирок этиши эҳтимоли паст деб баҳоланмоқда. Иккинчи айбланувчининг қаердалиги ҳам номаълум. Суд жараёни сиртдан ўтказилиши ёки ишнинг айрим қисмлари яна ажратилиши мумкинлиги айтилмоқда.
Finews.com’га кўра, бу каби ишлар Швейцарияда кўпинча судгача етиб бормайди. Аммо мазкур ҳолатда фактлар ва далиллар баҳсли бўлгани учун иш очиқ суд муҳокамасига чиқарилмоқда. Суд жараёнида нафақат айбловлар, балки кўп йиллик терговнинг ўзи ҳам жамоатчилик олдида баҳоланади.