Бугун 3 ноябрь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

АҚШда оралиқ сайловлар бошланди

АҚШда оралиқ сайловлар бошланди


Қўшма Штатларда бугун, 3 ноябр куни оралиқ сайловлар бўлиб ўтмоқда. Сайловлар президентлик муддатининг ўртасида ўтказилади ва кўпинча амалдаги ҳокимият ишига баҳо сифатида қаралади.

Сайловда Вакиллар палатасининг барча 435 ўрни, Сенатнинг 100 ўриндан 35 таси ва 36 та штат губернатори сайланади. Ҳозир Конгресснинг иккала палатасини ҳам республикачилар назорат қилмоқда. Вакиллар палатасида уларнинг 218 та, демократларнинг 214 та ўрни бор, битта депутат мустақил, икки ўрин эса бўш. Сенатда нисбат 53 га 47 – республикачилар олдинда, демократлар тарафида икки мустақил сенатор ҳам бор. Кўпчиликка эга бўлиш учун демократларга Вакиллар палатасида 218 та, Сенатда эса 51 та ўрин керак. Сенатда овозлар 50 га 50 бўлиб қолса, ҳал қилувчи овозни республикачи вице-президент Жей Ди Вэнс беради.

Сўровномалар ва мустақил таҳлилчилар Вакиллар палатасида демократларни фаворит деб ҳисоблайди, Сенат учун кураш эса очиқ. Reuters/Ipsos’нинг 2 ноябрда якунланган сўровида иштирокчиларнинг 46 фоизи Конгрессни демократлар, 38 фоизи республикачилар бошқаришини истаган. Бир ҳафта аввал бу фарқ 11 пункт эди.

Америкалик сайловчиларни энг кўп қийнаётган масала – қимматчилик. Сўровнома иштирокчиларининг 78 фоизи учун яшаш нархининг қимматлашуви овоз беришда жуда муҳим ёки энг муҳим масала. Трампнинг кенг қамровли бож сиёсати ва феврал ойида Эронга ҳужум қилиш қарори нархларни оширган. АҚШ Энергетика ахборот бошқармасига кўра, октябр охирида бензиннинг ўртача нархи галлони (3,8 литр) учун 4,27 долларни ташкил этган. Бу бир йил аввалгидан 1,23 доллар қиммат. Шу боис президент Доналд Трампнинг фаолиятини қатнашчиларнинг атиги 32 фоизи маъқуллаган.

Демократлар Конгрессни эгалласа, Трамп учун янги қонунлар қабул қилдириш анча қийинлашади, аммо унинг ҳокимияти тўлиқ чекланмайди. Трампнинг ўзи эса бунга тайёр. 1 ноябрда эълон қилинган The New York Post подкастидаги интервюсида у республикачилар ютқазса, “бир-икки ой” вето қўйиб, кейин муросага келишини кутаётганини айтди. "Ўйлайманки, мен “Мистер Вето” бўламан. Кейин эса қайсидир пайтда, эҳтимол, келишувлар қиламиз", деди у.

Ветони енгиш учун эса Конгресснинг иккала палатасида учдан икки овоз керак. Аммо демократларда бундай кўпчилик бўлиши даргумон.

Конгрессни эгаллаш демократларга Трампни тергов қилиш, қонунларни тўсиш ва харажат устуворликларини чеклаш имконини беради. Бироқ савдо, ташқи сиёсат ва давлат аппарати устидан кенг ваколатлар барибир президентда қолади.

Киритилди: Бугун 20:16. Ўқилди: 146 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!