АҚШнинг Орегон штатида икки вертолётнинг тўқнашуви оқибатида уч киши ҳалок бўлди.
Ҳалокат 29 октябрь куни маҳаллий вақт билан соат 14:10 да Макминвилл шаҳрининг шимолида содир бўлган.
Ямхилл округи шерифи идораси маълумотларига кўра, Robinson R22 ва Airbus вертолётлари Amity–Dayton шоссеси ҳамда Crinkshank Road кесишмаси яқинида ҳавода тўқнашиб кетган.
Robinson R22 бортида Техас штатидан бўлган учувчи-инструктор ва унинг Буюк Британиядан келган шогирди бўлган. Airbus вертолётида эса 38 ёшли маҳаллий аҳоли вакили бўлган. Ҳодиса оқибатида учала шахс ҳам ҳалок бўлган.
Тўқнашув сабаблари ҳозирча аниқланмаган.
Ҳодиса юзасидан текширувни АҚШ Миллий транспорт хавфсизлиги кенгаши (NTSB) ҳамда Федерал авиация маъмурияти (FAA) олиб бормоқда.