Украина президенти Владимир Зеленский Украина тақдири муҳокамасидан четлаштирилди.
Bloomberg агентлиги бугун Ар-Риёдда бўлиб ўтган Россия-АҚШ музокараларини ва АҚШ ҳамда Россия Федерациясининг ушбу учрашувга Украина вакилларини таклиф қилишга қарши эканлигини шарҳлаб, шундай ёзади.
"Россия босқинига қарши чиққани учун бутун дунёда ҳурмат қозонган етакчининг воситачидан (Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси) музокаралар ҳақида маълумот сўраши, Доналд Трампнинг ўтган ҳафта Владимир Путин билан суҳбатидан кейин АҚШ дипломатиясидаги кескин ўзгаришни кўрсатади. Бу суҳбат ва улар ўртасидаги олий даражадаги учрашув истиқболи АҚШнинг янги маъмурияти ҳарбий можарони тўхтатиш бўйича келишувга эришишга шошилаётганидан далолат беради," - деб ёзади нашр.
Шу билан бирга, Украина президенти ва Европа Трампга таъсир ўтказиш ва "ё рози бўлинг, ё кетинг" тамойили асосидаги келишувдан қочиш йўлларини изламоқда, деб ёзади Bloomberg. Зеленский "ультиматум"ни шунчаки рад этса, бу Украинанинг энг йирик ҳарбий иттифоқчиси бўлган АҚШни ўзидан узоқлаштириши мумкин.