Бу ҳақда агентликнинг хомашё бозорлари бўйича таҳлилчиси Хавьер Блас маълум қилди.
"Ноёб ер металларига 17 та кимёвий элемент, жумладан, диспрозий, празеодим, прометий ва скандий киради. Бироқ АҚШ Геология хизмати маълумотларига кўра, Украинада фақат битта элемент – скандий қазиб олинадиган кичик конлар бор", деб ёзади Bloomberg.
Бундан ташқари, 1970 йилда Совет Иттифоқи Новополтава конини очган бўлиб, у ҳам айрим ноёб ер элементларини ўз ичига олади. Лекин, сўнгги 50 йилда ушбу кон ишлатилмаган, чунки бу минералларни қазиб олиш жуда қийин. Украина ҳукумати ҳам ундан фойдаланиш иқтисодий жиҳатдан самарасиз бўлишини тан олган.
АҚШ Президенти Дональд Трамп Украинадан 500 миллиард долларлик ноёб ер металларини олишни хоҳлашини билдирган эди. Бироқ нашр шарҳловчисининг ҳисоб-китобларига кўра, дунёдаги барча ноёб ер металлари қазиб олиш ҳажми йилига атиги 15 миллиард долларни ташкил қилади. Агар Украина бутун дунё ишлаб чиқаришининг 20 фоизини амалга оширган тақдирда ҳам, бу мамлакатнинг бу соҳадаги йиллик даромади 3 миллиард долларни ташкил қилган бўлар эди.