АҚШ ва Исроил Эроннинг собиқ президенти Маҳмуд Аҳмадинажодни ҳокимиятга олиб келмоқчи бўлган — The New York Times.
Нашр суҳбатдошларининг сўзларига кўра, ушбу режанинг бир қисми Аҳмадинажод уй қамоғида сақланаётган Теҳрондаги бинонинг қўриқчиларига зарба беришдан иборат эди.
"Урушнинг биринчи кунида Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари айнан шундай зарбани амалга оширган. Сунъий йўлдошдан олинган суратларга кўра, ҳужум оқибатида Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ҳарбийлари бўлган бино вайрон қилинган. Бироқ Аҳмадинажоднинг ўзи ҳам жароҳат олган ва шундан сўнг, тузумни ўзгартириш режасидан унинг ҳафсаласи пир бўлган", деб ёзади NYT.
Ушбу зарбадан кейин Аҳмадинажод омма олдида кўриниш бермади, айни дамда унинг қаерда эканлиги номаълум.
Газетанинг қайд этишича, Эроннинг янги етакчиси сифатида Аҳмадинажод номзодининг танланиши мантиқсиздек туюлади. У президентлик даврида (2005–2013 йилларда) Эрон ядро дастурининг ашаддий тарафдори ва Қўшма Штатларнинг кескин танқидчиси бўлган, шунингдек, Исроилни “дунё харитасидан ўчириб ташлаш”га чақирган.
Кейинчалик Аҳмадинажод “оятуллоҳлар режими”ни танқид қилиб, Эрон ҳукуматини коррупцияда айблаган. Аҳмадинажод уч марта — 2017, 2021 ва 2024 йилларда — президентлик сайловларига қўйилмаган, унинг сафдошлари эса қамоққа ташланган эди.