Россия Украина раҳбариятини йўқ қилишни режалаштирмоқда — Украина президенти Зеленский.
Унинг сўзларига кўра, Украина махсус хизматлари пойтахт ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларидаги бўлажак ҳужумлар нишонлари батафсил кўрсатилган Россия ҳужжатларига эга.
"Бизнинг қўлимизда Россия ҳужжатлари мавжуд, уларда Киевга ва бошқа шаҳарларимизга — армия раҳбарияти, ҳукумат бўлиши мумкин бўлган сиёсий ва ҳарбий объектларга, шунингдек, бу ерга, Банковаяга зарбалар бериш учун нишонлар таклиф қилинган. Улар бу режани анчадан бери пишитишмоқда. Эрондаги урушдан кейин яна фаоллашиб қолишди. Бизнинг қаерда эканлигимизни, қаерларда бўлишимизни излашмоқда”, — деди Зеленский.
Украина раҳбари душманнинг бундай режалари ва раҳбариятни қўрқитиш ёки йўқ қилишга бўлган уринишлари Украина халқининг позициясини ўзгартира олмаслигига ишонтирди.
"Москвадаги кимдир украиналиклар ҳеч қачон ўз мустақиллигидан воз кечмаслигини ҳали ҳам тушуниб етмади. Ҳар қандай ҳолатда, Банковая билан ёки Банковаясиз ўз еримизни, суверенитетимизни, давлатимизни топширмаймиз", — дея таъкидлади Украина президенти.
Аввалроқ Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси Россиянинг янги ракета-дрон ҳужумларига тайёргарлик кўраётганини тасдиқловчи ҳужжатларни қўлга киритганди.
Эълон қилинган нишонлар суратларида Киев марказидаги бинолар, президент офисининг турли қаватлардаги кабинетлари ва давлат раҳбарининг далаҳовлиси қайд этилган.