Россия Латвияни Киевга дронлар учиришга рухсат беришдан огоҳлантирди. Америка Қўшма Штатлари бу баёнотни кескин қоралади.
Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя Москвада Украина Латвия ва бошқа Болтиқбўйи давлатлари ҳудудидан ҳарбий дронлар учиришни режалаштираётгани ҳақида маълумотлар борлигини билдирди. Небензя НАТО аъзолиги бу давлатларни жавоб чораларидан ҳимоя қила олмаслигини айтди.
БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида сўзга чиққан Небензя Киев аллақачон Латвияга украин дрон авиацияси бўлинмаларини кўчирганини даъво қилди. Латвиянинг Хавфсизлик Кенгашидаги доимий вакили Санита Павлута-Десланд эса бу баёнотларни дарҳол рад этиб, уларни «соф уйдирма» деб атади.
АҚШнинг БМТдаги доимий вакили ўринбосари Тэмми Брюс ўз навбатида, БМТ «Кенгаш аъзосига таҳдид қилиш жойи эмас»лигини таъкидлаб, АҚШ НАТО доирасидаги барча мажбуриятларини бажаришда давом этишини билдирди.
Украина Россияга дронлар учириш учун Болтиқбўйи давлатлари осмонидан фойдаланмаётганини, аммо Россия радиоэлектрон кураш воситалари орқали украин дронларини атайлаб Эстония, Латвия ва Литва ҳудудига йўналтираётганини Киев ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди. Украина ташқи ишлар вазирлиги вакили Георгий Тихий ҳам Украина Болтиқбўйи давлатлари осмонидан фойдаланиш учун рухсат сўрамаганини қўшимча қилди.