Бу ҳақда бир қанча манбаларга таяниб Middle East Eye нашри хабар берди.
"АҚШ, Иордания, Фаластин ва Форс кўрфази давлатларидаги манбаларнинг маълум қилишича, бунинг ортида Доналд Трампнинг куёви Жаред Кушнер ҳамда Қўшма Штатларнинг Исроилдаги элчиси Майк Ҳакаби турибди. Улар мажмуада Исроил манфаатларига мос келадиган янги тартиб ўрнатишни режалаштиряпти. Мазкур режага кўра, Иордания қўллаб-қувватлайдиган Ислом вақфи бошқаруви тугатилади. Исроил ҳукумати томонидан тузиладиган янги орган эса Ал-Ақсони “кўп динли марказ” деб эълон қилади", дея қайд этади нашр.
Аноним қолишни сўраган расмийларнинг айтишича, бу яҳудийларга мусулмонлар зиёратгоҳига тенг ҳуқуқли кириш имконини беради. Шунингдек, у ерда яҳудийларнинг катта гуруҳ бўлиб ибодат қилишига расман рухсат берилади.
Бундан ташқари, Исроил масжидга имомларни тайинлашда асосий сўз ҳуқуқига эга бўлади. Жума хутбаларининг мазмуни ҳам Исроил билан келишилиши керак бўлади. АҚШ расмийларидан бирининг сўзларига кўра, Трамп маъмурияти Ал-Ақсодан анъанавий ислом қиёфасини олиб ташлаб, уни учта иброҳимий дин (ислом, христианлик ва яҳудийлик) вакиллари келадиган туристик масканга айлантирмоқчи.
Таклифга биноан, араб давлатларига Ал-Ақсо мажмуасини навбатма-навбат назорат қилиш ҳуқуқи берилиши мумкин. Ушбу режа билан Баҳрайн, Миср, Марокаш ва БАА расмийлари таништирилган. Бироқ Иордания ва унинг яқин иттифоқчиси бўлган Саудия Арабистони бу таклифга кескин қарши чиққан.