Эрон Ҳурмуз бўғозини тўлиқ назорат қилаётгани ва Теҳрон билан келишилмаган йўналишларни ёпишни режалаштираётганини Ислом инқилоби посбонлари корпуси маслаҳатчиси Муҳаммад Ризо Нақдий маълум қилди. Бу ҳақда Fars агентлиги хабар берди.
"Қоидабузарлар яратишга улгурган оз сонли йўналишлар ҳам тез орада ёпилади", — деди у.
"Ҳурмуз бўғози ёпиқ ва Эрон қуролли кучлари уни тўлиқ назорат қилмоқда. Бу ҳолат Эроннинг қонуний талаблари қондирилгунига қадар сақланиб қолади", — деди Нақдий.
Унинг баёноти АҚШ давлат котиби Марко Рубио Эрон Ҳурмуз бўғози устидан назоратни бутунлай йўқотгани ва сув йўли очиқ эканини айтганидан бир неча соат ўтиб янгради.
Рубионинг таъкидлашича, ҳозир бўғоз орқали нефть ташиш ҳажми АҚШ ва Исроилнинг 2026 йил 28 февралда Эронга ҳужумигача бўлган кўрсаткичларга деярли етган.
Middle East Eye маълумотига кўра, ҳарбий ҳаракатлар бошланишидан олдин Ҳурмуз бўғози орқали кунига 20 миллион баррель энергетика ресурслари ташилган. Нашр таъкидлашича, етказиб бериш ҳажмининг можародан олдинги даражага яқинлашиши Форс кўрфази давлатлари ва Эрон ўртасидаги норасмий келишувлар, шунингдек, Теҳроннинг ўз экспорти билан боғлиқ.
Шу орада КСИР қўмондони ўринбосари, бригада генерали Ядулло Жавоний хорижий ҳарбий-денгиз кучлари кемалари Эроннинг ҳарбий имкониятларидан хавфсираб, мамлакат ҳудудий сувларидан минг километрдан ортиқ масофага чекинганини даъво қилди. Бу ҳақда IRNA хабар берди.
Генералнинг сўзларига кўра, минтақада илгари фаол ҳаракат қилган хорижий кемалар ҳозир Эроннинг ракета, дрон ва денгиздаги имкониятларини ҳисобга олмоқда.
У, шунингдек, минтақанинг келажаги "тажовузкор кучлар тўлиқ чиқиб кетиши"ни ҳисобга олган ҳолда ислом давлатлари томонидан шакллантириладиган жамоавий хавфсизлик тизими билан белгиланишини айтди.