Германия канцлери Фридрих Мерцнинг 4 октябрь куни Киевга қилган ташрифи немис оммавий ахборот воситаларида кенг муҳокама қилинди. Айрим нашрлар канцлернинг Украинага нисбатан қатъий позициясини ижобий баҳолаган бўлса, бошқалари Германиядаги ички сиёсий вазият мураккаблашаётганига эътибор қаратди.
Süddeutsche Zeitung нашри Мерц ҳукумати коалициясининг келажаги ноаниқ бўлиб бораётганини таъкидлаб, канцлернинг халқаро майдондаги фаоллиги ички сиёсий муаммоларни соя остида қолдиришга қаратилган бўлиши мумкинлигини ёзди. Нашрга кўра, Германия ҳукуматининг муваффақиятсизлиги Украина президенти Владимир Зеленский ва Украина учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Rheinische Post эса Мерц Германия ичида кучли сиёсий босим остида қолаётганини қайд этди. Нашрда канцлернинг Украинага кўрсатилаётган кўп миллиард евролик ёрдам сиёсати мамлакат ичида тобора кўпроқ танқид қилинаётгани айтилди.
Frankfurter Allgemeine Zeitung эса Россия-Украина уруши фонида Европанинг хавфсизлиги масаласига урғу бериб, Украинага ёрдамни давом эттириш зарурлигини таъкидлади.
Шу тариқа, немис ОАВ Мерцнинг Украина сиёсати нафақат ташқи сиёсат, балки Германиядаги ички сиёсий барқарорлик учун ҳам муҳим масалага айланганини қайд этмоқда.