АҚШнинг Эронга ҳужум қилиш хавфи туфайли Қуддусдаги АҚШ элчихонаси ўз ходимларини Исроилни тарк этишга чақирди. Элчи Майкл Хакаби тегишли хатни эълон қилди, деб хабар беради The New York Times.
Хакаби дипломатларга қарор тун бўйи давом этган учрашувлар ва телефон қўнғироқларидан сўнг қабул қилинганини айтди. Бу АҚШ Давлат департаментининг «ҳаддан ташқари эҳтиёткорлигини» акс эттиради. Кетишни истаганлар бугун буни қилишлари керак, деб таъкидлади элчи.
«Вашингтонга элтадиган ҳар қандай чипталарни олишга эътибор қаратинг, аммо биринчи навбатда мамлакатни иложи борича тезроқ тарк этиш керак», деб ёзган Хакаби.
Хакабининг сўзларига кўра, Исроилдаги миссия «рухсат этилган кетиш» режимига ўтган. Агар «миллий манфаатлар ёки ҳаётга яқин таҳдид талаб қилса, ходимлар ва уларнинг оилалари АҚШ ҳукумати ҳисобидан эвакуация қилиниши мумкин.
Газетанинг таъкидлашича, агар АҚШ Эронга ҳужум қилса, Исроил Теҳрон ва унинг иттифоқчилари томонидан қасос ҳужуми нишонига айланиши мумкин.
The Wall Street Journal нашрининг ёзишича, Женевада бўлиб ўтган Эрон-АҚШ музокараларида АҚШ делегацияси Эрон Фордов, Натанз ва Исфаҳондаги ядровий иншоотларини демонтаж қилиши кераклигини айтди. Кейинчалик Эрон ҳукумати ахборот кенгаши раҳбари Элиас Ҳазрати мамлакат уранни бойитишдан воз кечмаслигини ва уни бошқа мамлакатларга экспорт қилмаслигини эълон қилди.
23 февралдан бери АҚШ Эронга яқинроқ ҳудудга учта эскадрон қирувчи самолётларни жойлаштирди.