Бу ҳақда Молия вазири Скотт Бессент Associated Press агентлигига берган интервьюсида маълум қилди. У Вашингтон денгизда бўлган Россия нефт маҳсулотларини сотиб олишга имкон берувчи вақтинчалик истисно муддатини узайтирмасликка ваъда берди. Худди шу тартиб Эрон хомашёсига ҳам тегишли.
Бессентнинг сўзларига кўра, Россия нефти учун бу истисно аввалроқ "10 тадан ортиқ энг заиф ва камбағал давлатлар" илтимосига биноан жорий этилган эди.
"Бу ўша заиф ва камбағал давлатлар учун қилинган эди. Аммо мен яна бир бор муддат узайтирилишини тасаввур қила олмайман. Менимча, денгиздаги Россия нефти асосан тугаб бўлган", — деди вазир.
Аввалроқ АҚШ танкерларга юклаб бўлинган Россия нефти ва нефт маҳсулотларини сотиш учун берилган лицензияни 16 майгача узайтирган эди. Қўшма Штатларнинг бу енгилликлари 13 март куни Эрондаги уруш туфайли энергия ресурслари нархи ошиши шароитида жорий этилган эди. Дастлаб улар 30 кун давомида амал қилган.