The New York Times нашри АҚШ разведкасининг Эроннинг учта ядровий объектларига берилган зарбалар бўйича дастлабки баҳосини эълон қилди. Унга кўра:
☑️ АҚШ зарбалари Эроннинг ядровий материалларининг фақат кичик қисмини йўқ қилган. Мамлакат расмийлари бойитилган ураннинг асосий қисмини бошқа жойга кўчириш ва яширишга муваффақ бўлган.
☑️ АҚШ зарба берган объектлар Трамп маъмурияти умид қилган даражада зарар кўрмаган.
☑️ Зарбалар натижасида икки ядровий объектга кириш йўллари қулаган, аммо уларнинг ер остидаги бункерларига зарар етмаган. Қайси объектлар назарда тутилгани NYT мақоласида аниқ кўрсатилмаган.
☑️ АҚШ зарбалари Фордо тоғ остидаги ядровий объектнинг электр таъминоти тизимини ишдан чиқарган. Эрон ушбу объектга қачон кириб, таъмирлаш ишларини бошлаши ҳозирча номаълум.
📝 Исроил томонидан берилган дастлабки баҳолар ҳам Фордодаги мажмуа тўлиқ йўқ қилинмаганини тасдиқлаган.
Оқ уй мазкур разведка хулосаларига рози бўлмади ва уни «тубдан нотўғри» деб атади. CNN телеканалига берган изоҳида Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливетт бу «шартли баҳолаш» махфий бўлганига қарамай, уни CNN'га «разведка ҳамжамиятидаги номаълум омадсиз» шахс етказганини айтди. Ливетт бу маълумот сизнишини Трампни «шарманда қилиш» ва зарбани амалга оширган қирувчи учувчиларни «номусдан кетказиш» уриниши деб баҳолади.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ 22-июнга ўтар кечаси Эроннинг Фордо, Натанз ва Исфаҳон шаҳарларидаги ядровий дастурга оид учта объектга ҳаво зарбалари берган эди. Пентагон зарбалардан кейин етказилган зарар даражасини баҳолаш давом этилаётганини билдирган. Бироқ АҚШ президенти Дональд Трамп ушбу учала объект йўқ қилинганини таъкидлаган. Эрон томони эса бу даъволарни рад этган.