Бироқ Майнк айнан қандай қурол ҳақида гап кетаётгани ва у қачон космосга чиқарилганини аниқ айтмади.
АҚШ Космик кучлари ҳам «космосни назорат қилиш» учун мўлжалланган орбитал тизимлар мавжудлигини тасдиқлади. Улар мудофаа мақсадларида ҳам, ҳужумкор мақсадларда ҳам қўлланиши мумкин.
Вашингтон сўнгги бир неча йил давомида бундай имкониятларни ривожлантиришни Россия ва Хитой томонидан космик ҳарбий технологияларни кучайтириш билан боғлиқ таҳдидлар билан изоҳлаб келмоқда.
Гап космоснинг янада ҳарбийлашувининг янги босқичи ҳақида кетмоқда. Йўлдошлар алоқа, разведка ва навигация учун жуда муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун улар устидан назорат учун кураш ҳарбийлар учун тобора муҳим бўлиб бормоқда.
Халқаро ҳуқуқ эса ҳозирча бундай қуроллар масаласида давлатларга маълум даражада эркинлик қолдирмоқда. 1967 йилги Космос тўғрисидаги шартнома орбитада оммавий қиргин қуролларини, жумладан ядровий қуролларни жойлаштиришни тақиқлайди. Аммо ҳужжатда оддий, яъни ядровий бўлмаган қуроллар ҳақида аниқ тақиқ мавжуд эмас.