Вашингтон маъмурияти Эроннинг Форс кўрфазини назорат қилиш бошқармасига қарши санкциялар жорий этди, ушбу тузилма Ҳўрмуз бўғози орқали ўтишни тартибга солиш билан шуғулланади. Бу ҳақда АҚШ Молия вазирлиги баёнотида сўз боради.
Америка томонининг талқинига кўра, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) ушбу тузилмадан «кемаларнинг Ҳўрмуз бўғозидан ўтиши учун маблағ ундириш (товламачилик қилиш)» мақсадида фойдаланади.
Вашингтон, шунингдек, мазкур Эрон идораси билан ҳамкорлик қилувчи жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан ҳам санкциялар қўлланилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
«Ушбу бўғоз бўйича „сохта бошқарма“ билан ҳамкорлик қилувчи ҳар бир томон ИИМКни қўллаб-қувватлаётган ва ундан хизматлар олаётган бўлиши мумкин, бу эса товламачилик ҳаракатларига ёрдам беради ва санкциялар жорий этилиши хавфини туғдиради», — дейилади АҚШ Молия вазирлиги баёнотида.