ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Ахборот хизмати маълум қилишича, 18 июн куни соат 15:05 да Шаҳрихон туманида яшовчи 46 ёшли фуқаро «102» хизматига мурожаат қилиб, 9 ёшли ўғли тан жароҳати олганини билдирган.
Дастлабки маълумотларга кўра, 2016 йилда туғилган икки нафар бола ўртасида келишмовчилик келиб чиққан ва улар ўзаро муштлашиб кетган. Шу пайт болалардан бирининг отаси — 1988 йилда туғилган М.Б. жанжалга аралашиб, қўшни болага бир неча бор қўл кўтарган.
Оқибатда вояга етмаган бола тан жароҳати олган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Шаҳрихон тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар воқеанинг барча ҳолатларига ҳуқуқий баҳо берилишини маълум қилди.