Андижон шаҳрида фуқароларга қурол ва ўткир тиғли буюмлар билан таҳдид қилиб, криптовалюта орқали товламачилик билан шуғулланган уюшган жиноий гуруҳ қўлга олинди.
Бу ҳақда Андижон вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди. Тезкор тадбирлар органнинг Тезкор-қидирув департаменти, ҳудудий бўлинмалар ҳамда ДХХ билан ҳамкорликда ўтказилган.
Маълум қилинишича, жиноий гуруҳ аъзолари криптоактивлар айирбошлаш билан шуғулланиб юрган шахсни кузатиб, ўзларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари сифатида таништирган. Улар жабрланувчини шаҳардаги супермаркетлардан бири олдига чақириб, Damas автомашинасига ўтказган ва ноқонуний криптоактивлар муомаласи бўйича жиноий жавобгарлик билан қўрқитган. Агар таниши орқали криптоҳамёнга 150 минг АҚШ доллари ўтказилмаса, жавобгарликка тортилишини айтиб, зўравонлик ва таҳдидлар қўллаган.
Қўрқитиш ва қийноқлар натижасида жабрланувчидан жами 100 минг АҚШ доллари миқдоридаги криптовалютани товламачилик йўли билан ўзларига тегишли криптоҳамёнга ўтказишган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноий гуруҳга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси учинчи қисми “а” банди ҳамда 176-моддаси учинчи қисми “а” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Шунингдек, тезкор-қидирув тадбирлари давомида ушбу гуруҳ аъзоларидан бири аёл кишига нисбатан зўравонлик ишлатиб, тан жароҳати етказгани, қимматбаҳо мобил телефонини тортиб олгани ва 10 млн сўм талаб қилгани аниқланган. Ушбу ҳолат бўйича унга нисбатан Жиноят кодексининг 166-моддаси билан алоҳида жиноят иши қўзғатилган.
Жиноий гуруҳ аъзоларидан икки нафари — 1995 йилда Андижонда туғилган Минҳожиддин Алимов (“Ҳожи”) ва Абдумалик Шокиров (“Муфтий”) ҳозирда Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб кетгани, уларни қўлга олиш бўйича қидирув эълон қилингани маълум қилинди. Қолган гуруҳ аъзолари мамлакат ҳудудида бўлиб, уларга нисбатан тезкор тадбирлар давомида жиноят ҳолатлари аниқланган ва процессуал чоралар кўрилмоқда.
Ички ишлар органлари ушбу жиноий гуруҳ томонидан жабрланган фуқароларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёки 102 қисқа рақамига мурожаат қилишга чақирди. Мурожаат қилувчиларнинг шахси сир сақланиши кафолатланади.