Бугун 21 апрель, 2019 йил, якшанба

O'ZB

Америка университети Ўзбекистонда ўз филиалини очмоқда

Америка университети Ўзбекистонда ўз филиалини очмоқда

Яқинда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Вебстер Университети ўртасида таълим хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги бош келишув ва бинолардан фойдаланиш тўғрисидаги шартнома имзоланди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Келишув Ўзбекистонда Американинг доимий асосда фаолият юритадиган илк олий ўқув юрти филиали очилишини англатади.

Тадбирда АҚШ Давлат департаменти, Таълим вазирлиги, USAID, Америка халқаро таълим кенгаши, Жаҳон банки, ХВЖ, АҚШ таълим ва таҳлилий доиралари вакиллари иштирок этди. Ўз навбатида маросимда АҚШга ишчи ташриф билан борган Бош вазир ўринбосари Танзила Норбоева, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев ва Ўзтўқимачиликсаноат уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров ҳам қатнашди.

Элчи Жавлон Ваҳобов ўз чиқишида Ўзбекистонда инсон капиталига инвестиция киритиш ва таълим стандартлари ҳамда сифатини ошириш мамлакатда олиб борилаётган сиёсатнинг устувор жиҳатларидан эканлигини таъкидлади. У мамлакатда хориж олий ўқув юртлари фаолияти учун қулай шароитлар яратилаётганини қайд этар экан, иштирокчиларни республика таълим бозорида очилаётган мазкур имкониятлардан фойдаланишга чақирди.

Вебстер Университети президенти Элизабет Стробл ўз ўқув муассасаси Ўзбекистонда академик дастурларни тақдим этадиган Америкадаги илк олий таълим даргоҳига айланаётгани катта шараф эканлигини айтиб ўтди. Барчамиз таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги муҳим ислоҳотларни илгари суришдаги етакчилиги учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев олдида қарздормиз. Зеро, улар бизнинг ҳамкорлигимизни илгари суриш учун асос яратди , - дейди Америка университети раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, Вебстернинг Ўзбекистондаги таълим жараёнлари бир қисмига айланишга бўлган интилиши мамлакат тарихий-маданий аҳамиятининг дунё томонидан тан олинишига асосланади. У инглиз тилини ўргатиш бўйича магистратура дастурининг йўлга қўйилиши Америка олий таълим юрти кутганидан ҳам зиёда бўлгани ва улар буни кенгайтирмоқчи эканликларига алоҳида урғу берди.

2018 йил сентябрь ойида Вебстер Университети билан эришилган келишувларга мувофиқ, Ўзбек давлат жаҳон тиллари университети базасида TESL(инглиз тили иккинчи хориж тили сифатида) магистрлик дастури ишга туширилди. Айни пайтда унда ўзбекистонлик 1200дан ортиқ талаба таълим оляпти.

Бундан буён Вебстер Университети ҳам бакалавриат, ҳам магистратура учун барча турдаги академик хизматларни тақдим этади. Бизнес бошқаруви, маркетинг ва ишбилармонлик, компьютер билимлари, журналистика ва медиа-саноат, соғлиқни сақлашни бошқариш, STEM-таълими, инновациялар шулар жумласидандир.

АҚШ Давлат котибининг таълим ва маданият бўйича ёрдамчиси Мэри Ройс ўзи бошқараётган Таълим ва маданият масалалари бюроси Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил май ойида АҚШга қилган тарихий ташрифи чоғида эришилган стратегик шерикликнинг янги даври ни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини таъкидлади. Ўтган йилда Ўзбекистондан 570 талаба АҚШда ўқиди, бу ундан олдинги йилга нисбатан 30 фоиз кўпдир.

Мен таълим вазири Шерзод Шерматов билан учрашув чоғида Ўзбекистон мактаб таълимини ислоҳ қилиш бўйича аниқ мақсадларга эга эканлигига ишонч ҳосил қилдим, - деди АҚШ таълим вазири катта маслаҳатчиси Маурин Маклафлин. Ўзбекистонга кўп маротаба борганман ва мен ташриф буюрган мактаблар, танишган талабалар ҳамда бирга ишлаган одамлар жуда кучли. Менда дунё мероси бўлган Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарлари катта таассурот қолдирган .

У икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни кенгайтириш учун таълим ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлар экан, таълим жабҳасидаги ўзаро ҳамкорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирди.

Киритилди: 17:14 11.02.2019. Ўқилди: 711 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!