Алимент мажбуриятларининг ўз вақтида бажарилиши — вояга етмаган фарзандларнинг муносиб ҳаёт кечириши, таълим олиши ва ҳар томонлама камол топишида муҳим аҳамиятга эга. Шу боис алимент қарздорликларини бартараф этиш, болаларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ҳамда ундирувчиларнинг ҳуқуқларини тиклашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мажбурий ижро бюроси Поп туман бўлими томонидан алимент қарздорлигини ундириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида қарздор Х.Б дан ундирувчи Т. М фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзанди таъминоти учун жами 219 248 246 сўм алимент маблағлари ундирилди. Ундирилган маблағлар ундирувчининг банк пластик картасига ўтказиб берилиши таъминланди.
Бу эса фарзандлар таъминоти билан боғлиқ мавжуд қарздорликни бартараф этиш, уларнинг моддий манфаатларини таъминлаш ҳамда алимент ундиришга оид ижро ҳужжатининг амалда бажарилишида муҳим натижа бўлди.
Таъкидлаш жоизки, алимент тўловлари шунчаки молиявий мажбурият эмас, балки ота-онанинг фарзандлар олдидаги масъулиятининг муҳим ифодасидир. Вояга етмаган болаларнинг моддий таъминоти, соғлом ўсиши ва келажаги учун зарур шарт-шароитларни яратишда алимент мажбуриятларининг бажарилиши алоҳида ўрин тутади.
Зеро, ҳар бир ундирилган алимент маблағи — фарзандлар манфаати, уларнинг эртанги куни ва муносиб келажаги учун хизмат қилади!