Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг собиқ судьялари Муҳтарама Турғунова, Одилбек Илҳомжонов ва Мирзиёд Обидов озодликка чиқди. Бу ҳақда Турғунованинг адвокатига таяниб Kun.uz хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, апелляция суди қамоқда сақлаш муддатини беш ойга узайтириш ҳақидаги қарорни бекор қилган ва эҳтиёт чорасини гаровга алмаштирган.
Ўз навбатида, Тошкент шаҳар суди раисининг собиқ ўринбосари Муроджон Мирзажоновга нисбатан қўлланилган қамоқ эҳтиёт чораси узайтирилган.
Эслатиб ўтамиз, собиқ судьялар Акмал Шукуровга нисбатан чиқарилган ҳукмни ўзгартириб, 8 йиллик қамоқ жазосини 4 йиллик озодликни чеклаш жазосига алмаштиришган ва у суд залидан озод қилинган эди. Тергов талқинига кўра, судьяларга Муроджон Мирзажонов таъсир ўтказган.
Жамоатчилик ўртасидаги кескин эътирозлардан сўнг иш қайта кўриб чиқилди. Шукуровга 6 йил колония жазоси берилиб, у тергов ҳибсхонасига қайтарилди. Судьялар эса эгаллаб турган лавозимларидан бўшатилиб, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган эди.