Бугун 19 июнь, 2025 йил, пайшанба

O'ZB

Адабиёт бўйича Нобел мукофоти соҳ​​​​​​​ибаси маълум бўлди

A A A
Адабиёт бўйича Нобел мукофоти соҳ​​​​​​​ибаси маълум бўлди

2020 йилги адабиёт бўйича Нобел мукофоти америкалик шоира Луиза Глюкка берилди.

Глюк 1943 йилда Нью-Йоркда туғилган. У Америка санъат ва адабиёт академиясининг аъзоси, ўз ишлари учун АҚШда бир неча бор юқори мукофотларга сазовор бўлган – Америка шоирлар академияси мукофоти (1968 йил), Миллий танқидчилар жамияти китоб мукофоти (1985 йил), Пулицер мукофоти (1993 йил), Боллинген мукофоти (2001 йил). 2003-2004 йилларда у АҚШнинг шоира лауреати бўлган.

У Колумбия университетига ўқишга кирган, аммо таълим жараёнини тамомламаган. Кейинчалик Глюк Уильямстаундаги (Массачусетс штати) Уилямс коллежи, Йел, Бостон ва Айова университетларида, Вермонтдаги Годдард коллежида инглиз тилидан дарс берди, у Йел университетининг профессори ҳисобланади. 

2020 йилда Нобел мукофотининг миқдори ўтган йилга нисбатан 1 миллион швед кронасига кўпайтирилиб, 10 миллионга етказилди (1,12 миллион доллар). 2019 йилда адабиёт бўйича Нобел мукофотлари 2018 ва 2019 йиллар учун берилиши эълон қилинди (2018 йилда Нобел адабиёт қўмитаси жинсий можаро фонида тарқатиб юборилганлиги сабабли мукофот берилмаган). 2018 йилги Нобел мукофоти польшалик ёзувчи ва шоира Олга Токарчукка, 2019 йилги мукофот эса австриялик ёзувчи ва драматург Петер Хандкега топширилди.

Эслатиб ўтамиз, 9 октябрь куни Нобел тинчлик мукофоти совриндори эълон қилинади. Ва ниҳоят, 12 октябрда Швеция Банки Альфред Нобел номидаги иқтисодий фанлар соҳасида мукофот лауреатини очиқлайди (у норасмий равишда иқтисодиёт бўйича Нобел мукофоти деб аталади, аммо уни Нобелнинг ўзи эмас, балки Швеция Банки 1969 йилда таъсис этган).

1901 йилдан 2019 йилгача адабиёт бўйича Нобел мукофоти 112 марта топширилган. Етти марта Нобел қўмитаси ва Швеция академияси мукофотга муносиб номзодлар йўқ деган қарорга келган. Ушбу ҳолатларнинг аксарияти Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушлари вақтига (1914, 1918, 1940-1943 йиллар) тўғри келади, фақат 1935 йил истиснога айланди.

Адабиёт бўйича Нобел мукофоти жуда камдан-кам ҳолларда бир неча лауреатлар орасида тақсимланади, мукофот тарихида бу тўрт марта кузатилган. 1904 йилда ушбу мукофот француз шоири Фредерик Мистрал ва испан драматурги Хосе Эчегерай Эйсагиррега топширилди. 1917 йилда даниялик Ҳенрик Понтоппидан ва Карл Геллеруп уни қабул қилиб олган, 1966 йилда исроиллик Шмуэл Агнон ва Германиядан Швецияга кўчиб ўтган Нелли Закс, 1974 йилда шведлар Ҳарри Мартинсон ва Эйвинд Юнсон мукофотни қўлга киритган.

2020 йилгача 113 киши, шу жумладан, 15 нафар аёл адабиёт бўйича Нобел мукофотини олди (Токарчук бу мукофотнинг охирги эгаси бўлди). Ҳеч ким бир мартадан кўп лауреат бўла олмаган. 

Энг кўп марта мукофотни Франциядан ёзувчилар олган, аммо лауреатларнинг аксарияти (113 нафардан 29 нафари) ўз асарларини инглиз тилида ёзган. Бундан ташқари, Нобел мукофоти совриндорлари асарлари ёзилган ўнта тил орасида француз (15), немис (14), испан (11), швед (7), италян (6), рус (6) поляк (5) ва бошқа тиллар бор. 

Киритилди: 18:08 08.10.2020. Ўқилди: 4110 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!