Фаластин автономияси президенти Маҳмуд Аббос Исроилда янги ҳукумат шаклланиши тинчлик музокараларини қайта бошлаш ва томонлар ўртасида сиёсий мулоқотни йўлга қўйиш имконини беришига умид билдирди. Бу ҳақда у Никосия шаҳрида Кипр президенти Никос Христодулидис билан учрашув чоғида маълум қилди.
Аббоснинг сўзларига кўра, Фаластин томони кўп йиллардан буён исроилликлар ва фаластинликлар учун хавфсизлик ҳамда барқарорликни таъминлайдиган тинчлик келишувига эришиш тарафдори бўлиб келмоқда.
«Биз кўп йиллардан буён тинчликка эришиш, Исроил ва Фаластиннинг хавфсизлик, барқарорлик ва тинчлик шароитида яшашини таъминлаш мақсадида Исроил томонига ҳамкорлик қўлини чўзиб келмоқдамиз», — деди Фаластин раҳбари.
У Исроилнинг янги ҳукумати шаклланиши билан музокаралар бошланишига умид қилаётганини қўшимча қилди.
«Исроилнинг янги ҳукумати шаклланиши биланоқ мулоқотни бошлай олишимизга умид қиламиз», — дея таъкидлади Аббос.
Шу билан бирга, сўнгги йилларда Исроил сиёсий кун тартибида можарони икки давлат ташкил этиш асосида ҳал қилиш ғояси деярли йўқолган. Музокараларни қайта бошлаш истиқболи янги ҳукумат таркиби ва унинг Фаластин масаласига нисбатан позициясига боғлиқ бўлади.