"Катта еттилик" давлатларининг келгуси 10 йил ичида мудофаа харажатларини ошириш режаси тахминан 8 триллион долларга етиши мумкин. Бу 2026 йилда Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, АҚШ, Франция ва Япониянинг умумий ялпи ички маҳсулотининг қарийб 15 фоизига тенг.
Бу ҳақда Reuters АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг собиқ адмирали, ҳозирда The Carlyle Group молиявий гигантида бошқарувчи директор ва ҳамкор сифатида фаолият юритаётган Жеймс Ставридис баҳоларига таяниб хабар берди.
Ставридис маълумотига кўра, "Катта еттилик" давлатларининг мудофаа харажатлари ЯИМнинг 2 фоизига етган — бу сўнгги 30 йилдан ортиқ даврдаги энг юқори кўрсаткич. Прогнозларга кўра, 2030 йилга бориб бу улуш 3,8 фоизгача ошиши мумкин.
Унинг айтишича, фақат Европанинг ўзида мудофаа соҳасидаги кенгроқ мақсадлар келгуси 10 йилда қўшимча 4–5 триллион евро, яъни тахминан 4,5–5,7 триллион доллар харажат талаб қилиши мумкин. Агар тегишли инфратузилма харажатлари ҳам қўшилса, бу сумма 9 триллион еврогача етиши эҳтимол қилинмоқда.
2027 молия йилида АҚШ мудофаа харажатларини рекорд даражадаги 1,5 триллион долларгача ошириш режалаштирилмоқда. Ставридис келтирган Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази ҳисоб-китобларига кўра, бу АҚШ ЯИМининг тахминан 4,6 фоизига тенг бўлади ва 1980-йиллардаги совуқ уруш даври даражаларига яқинлашади.
Ставридиснинг фикрича, янги ҳарбий харажатлар аввалги харидлардан фарқ қилади. Бу сафар ҳарбий кемалар ва танкларга камроқ, технологиялар, учувчисиз қурилмалар, киберхавфсизлик ва ҳарбий мақсадлар учун мўлжалланган сунъий интеллектга эса кўпроқ маблағ ажратилади.