Божхона ва Солиқ қўмиталари ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари фош этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, коррупцияга қарши курашиш йўналишида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Божхона қўмитасининг Шахсий хавфсизлик бошқармаси ҳамда Тошкент шаҳар прокуратураси билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда Тошкент вилояти Божхона бошқармасининг “Навоий” чегара божхона пости инспектори қўлга олинган.
Божхона ходими хизмат мавқейидан фойдаланиб, Тошкент туманида яшовчи, 1979 йилда туғилган фуқарога 7 кг олтинни Қозоғистондан чегара божхона пости орқали декларацияда кўрсатмай, божхона назоратидан яширган ҳолда ўтказиб беришни ваъда қилган. У бунинг эвазига Чирчиқ шаҳрида 5 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда божхона ходимига нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Тошкент шаҳрида қайд этилган ҳолатда эса Шайхонтоҳур тумани давлат солиқ инспекциясининг шуъба бош инспектори озиқ-овқат маҳсулотлари улгуржи савдоси билан шуғулланувчи МЧЖ фаолиятини ўзининг юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали тугатиб бериш эвазига 2 500 доллари талаб қилган. Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги департамент билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пул маблағини туман солиқ инспекцияси биноси олдида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Инспекторга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси (Пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Шунингдек, Миробод тумани солиқ инспекциясининг маҳаллаларга бириктирилган солиқ инспекторлари шуъбаси инспектори ҳам тезкор тадбирда ушланган. У ўзига бириктирилган ҳудудда фаолият юритувчи савдо дўконида солиқ текширувлари амалга оширмаслик ва келгусида ҳар қандай солиқ текширувлари тўғрисида олдиндан хабар бериб туриш эвазига 10 млн сўм пул маблағини ўзининг банк пластик картасига ўтказиб олган вақтида ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилган.