Бу хизмат аҳолига фирибгарликнинг олдини олишга ёрдам беради. У қандай ишлайди, кимлар фойдаланяпти ва қандай улаш мумкин — батафсил.
«Кредит-ахборот таҳлилий маркази» кредит бюроси «кредитга тақиқ» хизматига уланган жисмоний шахслар ҳақида маълумот берди.
1 январ ҳолатига кўра, жами 438 322 минг нафар ўзбекистонлик бу хизматдан фойдаланган. Уларнинг 68 фоизи эркаклар бўлса, 32 фоизи аёллар ҳисобланади.
Ёш тоифаси кесимида энг кўп 26-35 ёш орасидаги аҳоли «кредитга тақиқ» хизматига уланган — 33 фоиз. Бу борада 56 ёшдан ошиқ аҳоли 9 фоиз билан энг паст кўрсаткични қайд этди.
«Кредитга тақиқ» хизмати 1 июльдан бошлаб ишга туширилган эди. Дастлабки икки ойда бу хизматдан фойдаланганлар сони 100 мингдан ошган бўлса, сўнгги пайтлар хизматнинг оммабоплиги анча ошди.
Декабр ойининг ўзида 150 мингдан ошиқ ўзбекистонлик бу хизматни ишга туширди.
Фойдаланувчилар «кредитга тақиқ» хизматидан онлайн ва офлайн шаклда мустақил равишда фойдаланиб, уни ёқиш ёки ўчириш имкониятига эга:
1) «КАТМ мобил иловаси орқали - «Оммабоп хизматлар» бўлимидан «Кредитга тақиқ» хизмати. Android | https://apps.apple.com/uz/app/katm/id6738377019
2) Кредит бюросининг веб-сайтида шахсий кабинет бўлимидан.
Call-марказ: (+998) 712034747, Телеграм: @katm_uz
3) Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) ва унинг мобил иловаси орқали «Кредит битимини тузишга тақиқ қўйиш ёки тақиқни олиб ташлаш» саҳифасидан фойдаланиш мумкин.
4) Юртимиз ҳудудида жойлашган барча Давлат хизматлари марказлари орқали ҳам фаоллаштириш ёки ўчириш имконияти мавжуд
«Кредитга тақиқ» — жисмоний шахсларга ўзларининг иштирокисиз ёки хабарисиз кредит битими расмийлаштирилишининг олдини олиш учун ўзи билан кредит битимини тузишни тақиқлаш имконини беради.
Хизматдан фойдаланиш бепул тақдим қилинади.