Тожикистонда жорий йилда фуқаролар учун ҳаж зиёрати нархи 53 минг сомонийни (тахминан 69 миллион сўмни) ташкил этади, бу ўтган йилга нисбатан деярли 4 минг сомонийга кам: 2025 йилда у 56 минг 800 сомоний (тахминан 74 миллион сўм) эди.
Дин ишлари, анъаналар, тантаналар ва маросимларни тартибга солиш қўмитаси матбуот котиби Афшин Муқимнинг «Азия-Плюс»га маълум қилишича, Саудия Арабистони талабларига мувофиқ, аҳолиси мусулмон бўлган барча давлатлар 2026 йилги Ҳаж мавсуми учун ҳужжатларни одатдагидан эрта қабул қилишни бошлаган.
«Тожикистонда сўнгги бир ой ичида зиёратчилар керакли ҳужжатларни топшириб, тўловни амалга оширди. Ҳужжатларни қабул қилиш якунланди ва зиёратчилар сафарга тайёргарлик кўрмоқда», деди у.
Зиёратчиларнинг Саудия Арабистонига сафари тахминан жорий йилнинг май ойига мўлжалланган.
«2026 йилда Ҳаж зиёратини ташкил этиш хизматлари нархи 53 минг сомоний этиб белгиланди. Ушбу тариф ўтган йилнинг декабр ойида тасдиқланган бўлиб, бугунги кунга қадар номзодлар маблағларни тўлади», деди Афшин Муқим.
Қўмитанинг қайд этишича, ушбу қиймат Тожикистоннинг Монополияга қарши курашиш хизмати билан келишилган ҳолда тасдиқланган бўлиб, икки томонга авиақатнов, Макка ва Мадинада меҳмонхона ижараси, гидлар хизмати ва сафар давомида уч маҳал овқатланиш харажатларини ўз ичига олади.