Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълум қилди. Унда қайд этилишича, туризмни ривожлантириш мақсадида 2024 йилда бир қатор ишлар амалга оширилди. Шу доирада давлат бюджетидан туризм соҳаси учун жами 117 миллиард сўм ажратилгани маълум қилинди.
Бу маблағлар тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлашга йўналтирилди. Жумладан, хорижий туризм бозорларида мамлакат туризм салоҳиятини тарғиб қилиш учун 50 миллиард сўм, янги дор йўллар қурилиши ва жиҳозланиши харажатларининг бир қисмини қоплашга 10 миллиард сўм, янги меҳмонхоналар қурилиши ва жиҳозланиши харажатлари учун 4 миллиард сўм, UNWTO шафелигидаги Халқаро туризм академияси Самарқанд кампуси қурилишига 10 миллиард сўм ва бошқа харажатлар учун 43 миллиард сўм ажратилган.
Шунингдек, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида туризм объектлари қурилиши ва реконструкциясига 322 миллиард сўм, юқори туризм салоҳиятига эга 20 та туманда инфратузилма муаммоларини бартараф этиш учун 80 миллиард сўм, жами 402 миллиард сўм маблағ ажратилди. Йил якунида амалга оширилган ишлар қиймати 342 миллиард сўмни ташкил қилиб, 366 миллиард сўм (91 фоиз) маблағ ўзлаштирилди.
2024 йилда юртимизга ташриф буюрган хорижлик туристлар сони 10,28 миллион нафарга етди. Бу 2023 йилдаги 6,63 миллион нафарга нисбатан 3,65 миллионга ёки 55 фоизга кўпдир. Шунингдек, ички туризмда иштирок этганлар сони 22,67 миллион нафарни ташкил қилди, бу эса 2023 йилга нисбатан 2 миллион нафарга ёки 10 фоизга ўсишни англатади.
Хорижлик сайёҳлар ҳисобига 2024 йилда туризм хизматлари экспорти 3 миллиард 489 миллион АҚШ долларига етди. 2023 йилда бу кўрсаткич 2 миллиард 143 миллион долларни ташкил қилган. Яъни, 1 миллиард 346 миллион доллар ёки 62 фоиз ўсиш кузатилди.
2024 йилда юртимизда 627 та янги жойлаштириш воситалари (жами 17 304 ўрин), шу жумладан, 80 та меҳмонхона, 215 та хостел, 294 та оилавий меҳмон уйлари, 2 та санаторий ва соғломлаштириш марказлари ташкил этилди. Шу билан жойлаштириш воситалари умумий сони 6 153 тага, ўринлар сони 161,4 мингтага етди.
Шунингдек, янада қулай хизматлар учун 961 та янги туризм ташкилоти ва турагентликлар иш бошлади, уларнинг умумий сони 3 686 тага етди. Шу билан бирга, мамлакатимизда 3 200 нафар гид-экскурсоводлар фаолият юритмоқда.
2024 йилда 1 010 та санитария-гигиена шохобчасининг ҳолати яхшиланди: 512 таси янгидан қурилди, 498 таси таъмирланди. Шунингдек, Андижон вилояти Хонобод шаҳри ва Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида 4 та туризм ахборот маркази иш бошлади.