Хабар берилишича, Қўшма Штатларда Марказий разведка бошқармасининг (МҚБ) собиқ директори Жон Бреннан ва Федерал қидирув бюросининг (ФҚБ) собиқ раҳбари Жеймс Комиларга қарши 2016 йилда АҚШ президентлик сайловига Россиянинг аралашуви бўйича иш юритиш жараёнида йўл қўйилган эҳтимолий қонунбузарликлар сабабли жиноий тергов бошланди.
Дастлаб бу ҳақда Fox News АҚШ Адлия вазирлигидаги манбаларига таяниб хабар берди, кейинроқ вазирлик тергов бошланганини тасдиқлади, бироқ тафсилотларни ошкор этмади, деб ёзади Тhe Washington Post.
Америка матбуотининг ёзишича, тергов доирасида Жон Бреннан Конгрессда ёлғон кўрсатма берганини аниқлаш режалаштирилмоқда. Оммавий ахборот воситалари манбаларига кўра, терговни бошлаш учун зарур материаллар июл ойи бошида МҚБнинг янги раҳбари Жон Рэтклиф томонидан ФҚБга топширилган.
ФҚБнинг собиқ раҳбари Жеймс Комига қандай айбловлар қўйилаётгани ҳозирча номаълум. Fox News'нинг икки манбасига кўра, ФҚБ Бреннан ва Коми ўртасидаги алоқаларни “фитна ҳаракати” сифатида кўриб чиқмоқда.
Аввалроқ АҚШ расмийлари 2016 йилги президентлик сайловига Россиянинг аралашуви бўйича тергов олиб боришганди. Бу ишни олиб борган махсус прокурор Роберт Мюллер Россиянинг сайловга аралашганини, бироқ Доналд Трамп ва унинг штаби билан тил бириктирмагани тўғрисида хулосага келган эди. Россия вакиллари эса доимо Қўшма Штатлардаги сайловга аралашув бўйича айбловларни рад этиб келган.