Бугун 24 октябрь, 2026 йил, шанба

O'ZB

1 декабрдан айрим иссиқхоналар электр, газ ва сув таъминотидан узилиши мумкин

1 декабрдан айрим иссиқхоналар электр, газ ва сув таъминотидан узилиши мумкин

Тошкент шаҳри ва пойтахтга яқин бешта туманда иссиқхона хўжаликлари фаолияти устидан экологик назорат кучайтирилади. Янги талабларга риоя қилмаган тадбиркорлар 1 декабрдан электр, газ ва сув таъминотидан узилиши мумкин.

Ҳукуматнинг 22 октябрдаги 586-сон қарорига мувофиқ, махсус экологик тартиб Тошкент шаҳри ҳамда Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларида амал қилади.

Мазкур ҳудудлардаги иссиқхоналар 2026 йил 1 декабргача экологик тоза иситиш тизимларига ўтиши лозим. Бунда табиий ёки суюлтирилган газ, электр, қуёш, геотермал энергия ва иссиқлик электр станцияларининг иккиламчи иссиқлигидан фойдаланиш мумкин.

Кўмир, брикет ва биомасса пеллетларини ишлатиш эса фақат махсус талаблар бажарилган тақдирда рухсат этилади. Бунинг учун қозонхоналар автоматик бошқарув, чанг-газ тозалаш ва узлуксиз мониторинг ускуналари билан жиҳозланиши шарт. Шунингдек, онлайн камералар, захира генератори ўрнатилиши ва чиқиндилар утилизация қилиниши керак.

Иссиқхоналарда автомобиль шиналари, мазут, пластмасса, резина, ишлатилган мойлар ва бошқа зарарли чиқиндиларни ёқиш қатъиян тақиқланади.

Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун молиявий енгилликлар ҳам белгиланган. Хусусан, 2028 йилгача экологик ускуналар харидининг 50 фоизига, ҳар бир гектар учун 50 миллион сўмгача субсидия берилади.

Муқобил иситиш тизимларига ўтиш учун эса ҳар гектарга 3 миллиард сўмгача, 7 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли давр билан 14 фоизли кредитлар ажратилади. Автоматик мониторинг станцияларини 350 миллион сўмгача маблағ эвазига етти йил давомида фоизсиз бўлиб тўлаш имконияти ҳам яратилади.

1 декабрдан талабларни бажармаган хўжаликларга ижобий экологик хулоса берилмайди, амалдаги хулосалар эса вақтинча тўхтатилиши мумкин.

Иссиқхоналар ҳар йили 15 октябрдан 15 мартгача махсус назоратдан ўтказилади. Инсон саломатлиги учун жиддий хавф аниқланса, уларнинг фаолияти 10 кунгача тўхтатиб турилиши мумкин.

Киритилди: 14:37 23.10.2026. Ўқилди: 493 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!