Францияда Европа қисми ҳудудининг деярли барчасини қамраб олган кучли иссиқлик туфайли икки киши вафот этди. Бу ҳақда Франциянинг Экологик ўтиш масалалари бўйича вазири Аньес Панье-Рюнаше Парижда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди, деб ёзади ТАСС.
“Қаттиқ иссиқлик туфайли соғлиғининг ёмонлашиши билан бевосита боғлиқ икки ўлим ҳолати қайд этилди”, – деди у.
Яна 300 нафардан ортиқ инсонга қутқарувчиларнинг шошилинч ёрдами зарур бўлган.
Вазирнинг сўзларига кўра, жорий йилнинг июни Францияда об-ҳаво кузатувлари тарихи бўйича энг иссиқ ойлардан бири бўлди — фақат 2003 йилда ўртача ҳарорат бундан юқори бўлган.
1 июль куни кузатилган иссиқлик тўлқинига тўхталар экан, у бу метеорологик ҳолатнинг энг юқори нуқтаси ортда қолганини қайд этди. Яқин кунларда мамлакатнинг шимолий ва шимолий-ғарбий ҳудудларидан бошлаб ҳарорат пасайиши кутилмоқда.
30 июнь куни Франциянинг миллий метеорология хизмати — Meteo France жуда юқори ҳарорат туфайли мамлакатнинг Европа қисмида жойлашган 16 та департаментда, жумладан Парижда ҳам 1 июль куни об-ҳаво бўйича энг юқори хавф даражасини жорий этганини эълон қилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, баъзи коммуналарда ҳарорат 41 даражагача етган, Парижда эса максимал ҳарорат 39 даражани ташкил этган.