"Келаси ҳафта техник экспертлар даражасида жамоалар барча тафсилотларни муҳокама қилишни бошлайди, биз бу бўйича америкалик ҳамкорларимиз билан келишиб олдик", — дея таъкидлади Андрей Ермак “Укринформ” нашрига.
Ермак, шунингдек, Жиддадаги учрашув давомида Қўшма Штатлар “адолатли ва барқарор тинчликка эришиш учун ҳаракат қилиш истагини намоён этганини” маълум қилди.
"Биз АҚШни бугунги кунда адолатли тинчликни ўрнатиш учун барча имкониятларга эга мамлакат деб ҳисоблаймиз. Улар бунинг учун зарурий воситаларга эга. Шунингдек, бугун биз шерикларимиздан уларнинг бундан кейин ҳам бу масалада саъй-ҳаракатларни давом эттиришга тайёр эканликларини эшитдик. Бу осон иш эмас. Яна ким ҳам бу ишни уддалай оларди, билмайман. Аммо улар биз билан бирга бўлишга, бизни қўллаб-қувватлашга тайёрликлари муҳим", — дея фикр билдирди Украина президенти девони раҳбари.
Ермакнинг сўзларига кўра, Жиддадаги учрашувнинг асосий натижаси АҚШ ҳарбий ёрдами ва разведка маълумотлари алмашинувининг тикланиши бўлди.
"Музокаралардан сўнг америкалик шериклар учрашув давомида ишлаб чиқилган таклифларни Россия томони билан муҳокама қилишлари керак. Бутун дунё ким тинчликни хоҳлаши, ким эса фақат гапириб, амалда ҳеч нарса қилмаётганини кўради", — дея қўшимча қилди Ермак.