Apple кетма-кет иккинчи йил дунёнинг энг қиммат брендига айланди. Бу ҳақда Brand Finance Global 500 рўйхатида сўз боради.
Apple брендининг қиймати бир йил ичида 11 фоизга — 574,5 миллиард долларгача қимматлашган.
Рейтингда иккинчи ўринни 35 фоизлик ўсиш билан (461,1 миллиард доллар) яна Microsoft эгаллади. Ундан кейинги поғоналарни Google (+24 фоиз, 413 миллиард долларгача) ҳамда Amazon (+15 фоиз, 356,4 миллиард долларгача) банд этган.
Walmart бренди эса олтинчи ўриндан бешинчига кўтарилди — йил давомида унинг қиймати 42 фоизга ошган (137,2 миллиард долларгача).
Дунёнинг энг қиммат брендлари қаторидан Samsung (110,6 миллиард доллар), TikTok (105,8 миллиард доллар), Facebook (91,5 миллиард доллар), Nvidia (87,9 миллиард доллар) ва State Grid Corporation of China (85,6 миллиард доллар) ўрин олган. Таъкидланишича, Nvidia бренди қиймати бир йил ичида қарийб икки бараварга кўтарилган.
Европадаги энг қиммат бренд дея Deutsche Telecom тан олинган — у 85,3 миллиард долларлик кўрсаткич билан умумий рейтингда 11-поғонани банд этган. Япон брендларига Toyota етакчилик қилган — умумий рўйхатда 18-ўрин (+23 фоиз, 64,7 миллиард доллар).
Топ-500 рўйхатдан Американинг 193 та бренди, Хитойнинг — 69 та, Германиянинг — 27 та бренди ўрин олган. Дунёдаги энг қиммат 500 та бренднинг умумий қиймати ўтган йилда 10 фоизга, қарийб 9,5 триллион долларгача ошган.