АҚШ ҳукумати хорижликлар томонидан АҚШ-Мексика чегарасидаги кириш портларида учрашув тайинлаш учун фойдаланилган CBP One иловасидан фойдаланишни тўхтатди.
АҚШ божхона ва чегара қўриқлаш хизмати илова энди мавжуд эмаслиги ҳақида хабар берди. Чегарани кесиб ўтиш учун аввал тасдиқланган барча саналар ҳам бекор қилинди.
CBP One онлайн лотерея тизими орқали ҳар куни тахминан 1450 учрашувни режалаштирган. Дастур айниқса Куба, Венесуела, Гаити ва Мексика фуқаролари орасида машҳур бўлди. Унинг шарофати билан 1 миллиондан ортиқ муҳожир АҚШга кириш ва ишлаш учун рухсат олди.
Дастурни тўхтатиш тўғрисидаги қарор Дональд Трамп президентлик лавозимини эгаллаганидан сўнг қабул қилинди. Ўз нутқида у жанубий чегараларда фавқулодда ҳолат жорий этиш ва миллионлаб ноқонуний муҳожирларни депортация қилиш ниятида эканлигини маълум қилди.