Исроил Ғазодаги сув таъминоти учун «геноцид ҳаракатлари»да айбланмоқда. Human Rights Watch ҳисоботида айтилишича, Ғазода тоза сувга етишиш чекловлари Исроилнинг геноцид ҳаракатларидир.
Human Rights Watch (HRW) ташкилотининг таъкидлашича, Исроил Ғазо секторидаги ҳарбий тажовузи давомида сув инфратузилмасига зарар етказиш ва тинч аҳолига тоза сув етказиб беришни тўхтатиш орқали «геноцид ҳаракатларини» содир этган.
«2023 йил октябрь ойидан бери Исроил ҳукумати фаластинликларнинг Ғазо секторида омон қолиш учун зарур бўлган етарли миқдордаги сувдан фойдаланишига атайлаб тўсқинлик қилмоқда,» дейилади пайшанба куни эълон қилинган янги ҳисоботда.
Деярли бир йил давомида тузилган ҳисобот ўнлаб ғазоликлар, шифокорлар ва ёрдам ходимлари, сув ва канализация объектлари ходимлари билан суҳбатлар, шунингдек, сунъий йўлдош тасвирлари, фотосуратлар, видеолар ва маълумотлар таҳлилига асосланган.
Унда HRW санитария иншоотларига, шу жумладан сув тозалаш иншоотлари ва сув омборларини қувватлантириш учун ишлатиладиган қуёш панелларига қасддан зарар етказиш ва таъмирлаш ходимларига қаратилган ҳужумлар ҳақида батафсил маълумот берилган.
«Исроил ҳукумати Ғазодаги Фаластин аҳолисига »унинг тўлиқ ёки қисман жисмоний вайрон бўлишига олиб келадиган ҳаёт шароитларини« қасддан келтириб чиқарди», деб хулоса қилинади ҳисоботда, бу «геноцид ҳаракатларидир».