Тошкент вилояти ИИББ ва ДХХ тезкор ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тадбир натижасида яна бир фуқаронинг “одам савдоси” қурбони бўлишининг олди олинди.
Қанчалик оғриқли бўлмасин, бугунги кунда юртимизда одам савдоси каби жиноят ҳолатларига ҳамон дуч келинмоқда. Энг ачинарлиси, бу жиноят фуқароларимиз томонидан содир этилмоқда.
Тошкент вилоятида ўтказилган “Хавфсиз ва соғлом юрт” профилактик тадбирлари давомида вилоят ИИББ тезкор ходимлари томонидан Қибрай тумани ИИБ ҳамда ДХХ ҳудудий бўлинмаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирда яна бир шахснинг одам савдоси қурбони бўлишининг олди олинди.
Ўтказилган тезкор тадбирда Ангрен шаҳрида яшовчи 1971 й.т. аёл (Х.Т.) осон пул топиш мақсадида ўзига таниш бўлган 2003 й.т. қиз (З.А.)ни алдаб, мўмай даромад топишга ишонтириб, Тошкент халқаро аеропорти орқали Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига фоҳишалик учун олиб кетаётган вақтида далилий ашёлар билан ушланди.
Маълумотларга кўра, аёл ва 22 ёшли қизнинг Россияга бориш учун йўл ҳақи ва бошқа харажатлари Санкт-Петербургда яшовчи “Зуля” исмли аёл томонидан қопланган. Бунинг эвазига қиз кейинчалик фоҳишалик билан шуғулланиши керак бўлган. Шунингдек, аёл қизни етказгани учун “Зуля”дан маълум миқдорда ҳақ олишга келишган.
Ҳозирда ушланган шахсга нисбатан Қибрай тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 135-моддаси (Одам савдоси) 2-қисми “а”,”з” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.