Украина президентининг таъкидлашича, Беларусда ҳарбий фаоллик сезиларли даражада кучайган.
"Разведка маълумотларига кўра, Беларуснинг чегара ҳудудларида Украина ҳудудига олиб борувчи йўналишда йўллар қурилмоқда ва артиллерия позициялари кучайтирилмоқда. Бизнингча, Россия Беларусни яна ўз урушига тортишга уриниб кўриши мумкин", — деди Украина етакчиси.
Володимир Зеленский, шунингдек, Беларус президенти Александр Лукашенкога АҚШ Николас Мадурони қўлга олган пайтида Венесуэлада юз берган воқеаларни эслатиб ўтди.
"Мен Беларуснинг амалдаги раҳбариятини Украинанинг ўз ери ва мустақиллигини ҳимоя қилишга тайёрлиги ҳақида огоҳлантириш учун тегишли каналлардан фойдаланиш бўйича кўрсатма бердим. Венесуэладаги сўнгги воқеаларнинг хусусияти ва оқибатлари Беларус раҳбарияти учун хатоларга йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида огоҳлантириш бўлиб хизмат қилиши керак", — деди Украина президенти.
Аввалроқ Лукашенко урушни хоҳламаслигини, аммо агар Украина Беларусга ҳужум қилса, ҳарбий ҳаракатларни бошлашга тайёрлигини айтган эди. Шу билан бирга, Зеленский Украина Беларусга ҳужум қилиш ниятида эмаслигини таъкидлаган.