Humans Group бош директори ва асосчиси Владимир Добринин ҳам халқаро қидирувга берилгани маълум бўлди.
Халқаро жиноий полиция ташкилоти — Интерпол сайтидаги эълонга кўра, Ўзбекистон Добрининга нисбатан “қизил билдиришнома” (Ред Notice) расмийлаштирган. Бу эса уни аниқлаш ва кейинчалик экстрадиция қилиш мақсадида аъзо давлатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига вақтинчалик ҳибсга олиш бўйича сўров юборилганини англатади.
У “қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ва ўтказиш”, шунингдек, “пул ювиш"да айбланмоқда.
Шу билан бирга, айбловларнинг таърифи сўров юборган томон тақдим этган шаклда эълон қилингани келтирилган.
Ўзбекистон Жиноят кодексининг 278-моддасига мувофиқ, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ва ўтказиш 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ўша ҳаракатлар уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Ўз навбатида, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш (243-модда) 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади.
2025 йил октабр ойида Spot Ўзбекистонда Humans компаниясининг собиқ топ-менежери қимор ўйинларини ташкил этгани учун ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эди. PayWay тўлов ташкилотининг ҳаммуассиси ва кузатув кенгаши аъзоси Беҳзод Ботиров Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) сўровидан сўнг қўзғатилган жиноят иши доирасида ҳибсга олинди.