Украина президенти Владимир Зеленский агар аҳолига тинчлик олиб келишнинг ягона схемаси Россия президенти Владимир Путин билан музокаралар столига ўтириш бўлса, бунга тайёрлигини айтди. Бу ҳақда “Украинская правда” хабар берди.
“Агар бу украиналиклар учун тинчликка эришишимиз ва одамларни йўқотмаслигимиз мумкин бўлган ягона конфигурация бўлса, албатта, биз бунга борамиз”, деди Зеленский британиялик журналист Пирс Морганга берган интервьюсида.
Зеленский бу вазиятда унинг Кремль раҳбарига шахсий муносабати аҳамиятга эга эмаслигини таъкидлади:
“Мен уни душман деб ҳисоблайман. Тўғрисини айтсам, у ҳам мени душман деб билса керак, деб ўйлайман”, деди Украина президенти.
Шунингдек, у ҳозирги кунда Украина барча ҳудудларни қайтариб ололмаслигини ва “эришиш эҳтимоли бўлмаган натижа учун миллионлаб одамларни йўқотиши мумкин эмаслигини” таъкидлади.
Зеленский “ватан учун жонини фидо қилганларга берган қасамёдини буза олмаслиги”ни айтди. Сиёсатчи Конституцияни бузиш ва босиб олинган ҳудудларни Россияга тегишли деб тан олиш мумкин эмаслигини қайд этди.
Украина президенти жанговар ҳаракатлар давом этаётган пайтда мамлакатда сайловлар ўтказиш имкониятини яна бир бор инкор этди.
Мамлакатда навбатдаги президентлик сайлови 2024 йил 31 март куни ўтказилиши керак эди. Украинадаги ҳарбий ҳолат туфайли улар ўтказилмади. Мамлакат Конституцияси ҳарбий ҳолат пайтида президентлик сайловларини ўтказишни тўғридан тўғри тақиқламайди. Бироқ бундай тақиқ “Ҳарбий ҳолатнинг ҳуқуқий режими тўғрисида”ги қонун даражасида белгиланган.
Россия президенти Владимир Путин бир неча бор музокаралар “қонунийлигини йўқотган” Украина давлат раҳбари билан ўтказилмаслигини даъво қилганди. Чунки Путиннинг фикрича, Владимир Зеленский “ноқонунийлиги туфайли ҳеч нарса имзолашга ҳақли эмас”.